Ўзбекистон Республикаси Президентининг сайловолди учрашувларида қўшни мамлакатлар билан барча соҳаларда дўстона алоқаларни кучайтириш орқали халқлар ўртасидаги меҳр-оқибат, қон-қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш тўғрисида алоҳида фикрлар билдирилган эди. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ҳам бу борада бир қатор ишлар режалаштирилган ва амалга оширилмоқда, деб хабар беради вазирлик расмий сайти.
Бугун Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрида жойлашган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги ўзбек мусиқали драма театрининг ижодий жамоаси Андижон вилоятининг "Дўстлик” чегара постида Маданият ва спорт ишлари вазири Ф.Жураев бошчилигидаги ўзбекистонлик санъат ва маданият намоёндалари томонидан кутиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикасининг чегара олди ҳудудлари ўртасидаги икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш, аҳоли, айниқса ёшларни Қирғизистон театр санъатининг намуналаридан баҳраманд этиш ҳамда ижодий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган ижодий ташриф 17 февралгача давом этади.
Ижодий сафар давомида Бобур номидаги ўзбек мусиқали драма театрининг "Айкол Манас” спектакли жорий йилнинг 10-12 феврал кунлари Андижон вилояти мусиқали драма театрида, 13-14 феврал кунлари Наманган вилояти мусиқали драма театрида ҳамда Фарғона вилояти театр-концерт саройида 15-17 феврал кунлари ўтказилади.
Гастрол сафари давомида театрларда қирғиз ҳамда ўзбек санъати намоёяндалари ўртасида ижодий учрашув ва давра суҳбатларини ташкил этилади.






