Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компанияси (“Ўзавтойўл” ДАК) негизида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкил этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев фармон имзолади.
14 февраль куни Президентнинг Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони ЎзАда эълон қилинди.
Фармон автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш жараёнига комплекс ёндашиш асосида йўл хўжалигини бошқаришнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, лойиҳалаштириш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини ошириш имконини берадиган тўлақонли буюртмачи хизматини яратиш мақсадида имзоланди.
Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси мажбуриятлар ва шартномалар, шу жумладан, халқаро шартномалар бўйича Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компаниясининг (“Ўзавтойўл” ДАК) ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Яъни автомобиль йўллари соҳасида махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини олиб бориш, ушбу соҳада давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш, йўл қуриш, реконструкция қилиш кабилар Автомобиль йўллари давлат қўмитаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланди.
Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси ташкил этиш ҳам белгиланган. Инспекциянинг асосий вазифаларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан йўл қурилиши ишларида, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш, қурилиши тугалланган йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишида қатнашиш, йўл қурилиши юзасидан шаҳарсозлик қонунчилигига риоя қилиниши устидан назорат қилишни ташкил этиш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлар киритиш ва унда иштирок этиш кабилар киради.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсундирилиб, улар томонидан Республика йўл жамғармаси маблағлари тушуми ҳамда сарфининг йиллик ва чораклик ҳисоботларини шакллантирилади, йўл хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашнинг номма-ном рўйхатларини белгиланган тартибда келишилади.
Йўл жамғармасига маблағларни йиғиш ва тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш функцияси Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига, Давлат божхона қўмитасига ва Ички ишлар вазирлигига юкланади.
Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юкланди.