АсосийJamiyat

​Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ўз олдига қўйилган масалаларнинг тўлиқ ижросини таъминламади

'​Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ўз олдига қўйилган масалаларнинг тўлиқ ижросини таъминламади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 15 февраль куни имзоланган фармонига тайёрланган шарҳда айнан шу ҳақда сўз боради.

Президентнинг фармонига мувофиқ Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тугатилиб, унинг ўрнига Маданият вазирлиги ҳамда Спорт қўмитаси ташкил этилди.

Зиммасидаги вазифалар кўлами кенглиги ва аҳамияти катталигига қарамай, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ҳокимият органлари билан фаол ҳамкорлик таъминланмаяпти, унинг фаолияти эса кўпинча маданий-оммавий ва спорт тадбирларини ўтказиш билангина чекланиб қолмоқда, дейилади фармон матнида.

Маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш муассасалари, объектлари ва иншоотларининг моддий-техник базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ҳамон ўз ечимини топган эмас. Маданият ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими замонавий талабларга жавоб бермайди.

Маданият ва спорт соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигининг танқидий таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан мутасадди орган сифатида ўз олдига қўйилган кенг кўламли масалаларнинг тўлиқ ижроси таъминланмаган, айниқса, давлат бошқаруви ва жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятини мазкур соҳада мувофиқлаштириш, маданий-маърифат ва спорт-соғломлаштириш муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича ишлар етарли даражада олиб борилмаган.

Бундан ташқари, ҳаётий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, битта вазирликда маданият ва спорт каби иккита кўпқиррали ва мураккаб соҳаларнинг бирлаштирилиши оммавий жисмоний тарбияни ривожлантириш, истиқболли спортчиларни саралаш тизимини такомиллаштириш, ҳудудларда театр, мумтоз мусиқа ва бошқа санъат турларини кенг оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини юксалтириш имконини бермаяпти.

Натижада Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ўз иш фаолиятида кўп ҳолларда барча мавжуд ресурс ва имкониятларини байрамлар маданий тадбирларини ўтказишга ва муҳим халқаро спорт мусобақаларига тайёргарлик кўришга йўналтириш билан чегараланиб қолган. Юзага келган салбий ҳолатларни бартараф этиш учун вазирлик фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш зарурати пайдо бўлди.

Ўзбекистон Републикаси Президентининг “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш, ушбу соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш самарадорлигини кескин ошириш, Ўзбекистон халқининг бой ва ўзига хос маданияти, санъати ва ижодини янада ривожлантиришни таъминлаш, аҳолининг кенг қатлам ўртасида маънан ва ахлоқан комил инсон бўлишга ва соғлом турмуш тарзини юритишга интилишни рағбатлантиришга йўналтирилган.

Бошқа янгиликлар