Германиядаги Edeka супермаркети фақатгина кулранг бўтқасимон аталага ўхшаш таомни истеъмол қилиб, семизликдан азият чекувчи шаҳар аҳолиси ҳақидаги реклама ролигини яратди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.
15 февраль куни Facebook ижтимоий тармоғига жойлаштирилган мазкур роликни 36 миллиондан ортиқ фойдаланувчи томоша қилган бўлса, YouTube каналида уни 2,7 миллион киши томоша қилган.
Видеороликнинг бош қаҳрамони бўлган бола шаҳардан қочиб кетмоқчи бўлади, аммо семизлиги туфайли ҳеч қаёққа кетолмайди. Қушларнинг мева тановул қилаётганини кўргандан кейин у ҳам кулранг аталани истеъмол қилишдан бош тортиб, мева билан қорин тўйдиради. Натижада эса озишга эришади.
Edeka мазкур видеороликни соғлом турмуш тарзи кечиришни тарғибот қилиб, фойдали маҳсулотлар истеъмолини кучайтириш мақсадида ишлаб чиқарди. Супермаркет вакилларининг сўзларига қараганда, “одам том маънодаги инсон бўлиб қолиши учун инсонга ўхшаб овқатланиши лозим”.