Ўзбекистон Миллий Матбуот Марказида "Ўзбекистон темир йўллари" актсиядорлик жамиятининг 2016 йил ижтимоий–иқтисодий фаолияти якунлари ва 2017 йилги режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда акциядорлик жамияти раҳбарияти, бошқарма бошлиқлари ҳамда тармоқ корхона ва ташкилотлари мутахассислари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланишича, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан темирйўл соҳасида белгиланган асосий вазифалар бажарилган. Жумладан, акциядорлик жамиятининг темир йўл станцияларидан 2016 йилда 68 млн. тонна юк ортилиб, ўз манзилига етказилди. Шунингдек, ўтган йил йўловчи ташиш борасида ҳам яхши натижаларга эришилиб, 21,1 млн. йўловчи ўз манзилига етказиб қўйилди.
Тармоқда экспорт хизматларига ҳам алоҳида эътибор қаратилганлиги айтиб ўтилди. Жумладан, ўтган йили 369 млн. АҚШ доллари миқдорида экспорт хизматлари кўрсатилган. Ҳисобот даврида акциядорлик жамиятининг саноат корхоналарида таққослама нархларда 422,5 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Учрашувда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурига мувофиқ Акциядорлик жамиятининг молиялаштириш манбалари ҳисобидан 821,13 млн. АҚШ доллари миқдорида капитал маблағлар ўзлаштирилди.
2016 йил июнь ойида, узунлиги 123,2 километрни ташкил этувчи “Ангрен–Поп” электрлаштирилган темир йўли ва унинг доирасида бунёд этилган, узунлиги 19,2 километрни ташкил этувчи “Қамчиқ” туннелининг қурилиши тўлиқ тугатилиб,фойдаланишга топширилди.
Ўтган йил 11 июлидан бошлаб, мазкур янги темир йўл орқали Водийга ҳамда у ердан республикамизнинг бошқа худудларига юк поездлари қатнови йўлга қўйилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан 2016 йил давомида 2277 та янги иш ўрин ташкил қилинган. Бугунги кунда Жамият миқёсида ишчилар сони қарийб 70 минг нафардан зиёдни ташкил этади.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги байрами арафасида эса Тошкент-Андижон-Тошкент йўналишида биринчи йўловчи поезди қатновини бошлади. Бугунги кунда ушбу йўналишда ҳар куни икки мартадан замонавий тезюрар йўловчи поезди аҳолига хизмат кўрсатаяпти. Шу билан бирга Андижон-Бухоро-Андижон йўналишида ҳафтасига икки маротаба, Андижон-Урганч-Андижон йўналишида бир маротаба ҳамда Андижон-Москва-Андижон йўналишида бир маротаба йўловчи поездлари қатнови ташкил этилди. Бундан ташқари бир суткада ўн бешдан зиёд юк поезди Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли орқали ўтказилиб, юклар ўз манзилига етказиб қўйилмоқда.
Ҳисобот даврида Самарқаддан Бухорогача бўлган масофада 140 километрдан ортиқ янги темир йўл қурилди ҳамда мавжуд темир йўллар тубдан таъмирланиб, Бухорогача электрлаштириш ишлари тўлиқ амалга оширилди. Натижада Мустақиллик байрами арафасида Тошкент-Бухоро-Тошкент йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездининг қатнови йўлга қўйилди.
Матбуот анжуманида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан галдаги режалар, истиқболдаги лойиҳалар хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди. Таъкидланишича, темир йўлларда электрлаштириш жараёни ҳамда янги темир йўлларни қуриш бўйича ишлар қизғин давом эттирилмоқда. Бундан ташқари Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган метро қурилиши ҳақида ҳам маълумот берилди. Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олдилар.






