АсосийJamiyat

​Президент Шавкат Мирзиёев 94 кишини Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида фармон имзолади

'​Президент Шавкат Мирзиёев 94 кишини Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида фармон имзолади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида Президент фармони имзоланди.

Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон манфаатларининг тўлақонли ҳимояси ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган.

Ўзбекистон фуқароликка қабул қилиш борасида ҳам қонунийлик, инсонпарварлик ва ижтимоий бағрикенглик тамойилларига асосланган ҳолда инсон манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш чора-тадбирларини тизимли равишда амалга ошириб боради.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси демократик қадриятлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига содиқлигини намоён этиб, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ғоялари асносида ҳар бир инсоннинг фуқароликка бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолати, ирқи, миллати, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати ҳамда сиёсий ва бошқа эътиқодидан қатъий назар, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун кучга кирган вақтда турли объектив ва бошқа ҳаётий шароитларга кўра мамлакат ташқарисида бўлган маҳаллий аҳоли, шунингдек, бошқа мамлакатларда туғилиб-ўсиб, Ўзбекистонни ўз Ватани сифатида дилдан тан олган, унинг тараққий этиши ва гуллаб-яшнаши учун муносиб ҳисса қўшганлар қабул қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 22-банди, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17, 30-моддаларига мувофиқ 94 нафар шахсларнинг аризалари қаноатлантирилиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.

Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари С.И.Самадов зиммасига юкланди.

Тўлиқ рўйхат билан ЎзАда танишишингиз мумкин.

Бошқа янгиликлар