АсосийShou-biznes

​Райҳон концертидан: 6 та дуэт, жонли ижро, бетакрор рақслар ва “жонланган” тарих(Фото)

'​Райҳон концертидан: 6 та дуэт, жонли ижро, бетакрор рақслар ва “жонланган” тарих(Фото)'ning rasmi

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева 20-24 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида ўзининг навбатдаги шоу дастурини тақдим этмоқда.

Шоу дастурда намойиш этилган саҳна кўринишлари, рақслар ва қўшиқлар узоқ муддат томошабинларнинг ёдида қолиши шубҳасиз. Сабаби, концертни томоша қилар экансиз, унда ҳамма деталлар ҳисобга олингани, саҳна безаклари, раққосларнинг либосларию, ҳатти-ҳаракатлари бир-бирига мутаносиб тарзда уйғунлашганинг гувоҳи бўласиз. Концерт дастурида қадим Юнонистон тарихига мурожаат қилинди, миллий блокда ўзбек миллий рақслари ижро этилди, рэп йўналишида эса саҳнада АҚШ санъати жонлангандек бўлди, ҳиндча рақслар намойиши эса томошабинларни олис ва бетакрор Ҳиндистон томон чорлади.


Райҳон концертларида ўзига хос тразда пайдо бўлишга одатланган. Бу сафар ҳам худди шундай бўлди. Саҳна чироқлари ёқилиб, парда кўтарилгач, ҳаводаги ўриндиқда ўтирган Райҳон “Халос эт” қўшиғини куйлаганча пайдо бўлди. Бирин-кетин саҳнада ётган раққослар “жонлана” бошлади. Мухлислар мазкур саҳна кўринишини олқишлар билан қарши олди.


Иккинчи блокда юнон тарихи акс этган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Саҳнага ўрнатилган йирик мониторларда қадимги Юнонистоннинг диққатга сазовор жойлари акс эттирилди. Юнон жангчилари кўринишида кийинган раққослар Райҳон кийимини алмаштириб чиққунига қадар, томошабинларни зериктирмай туришди.



Концерт 80 фоиз жонли ижрода ўтди.Миллий блокни доира садолари остида рақсга тушаётган раққосалар бошлаб берди. Райҳоннинг ўзи ҳам миллий рақсларни ижро этишда раққосалардан қолишмаслигини намоён этди. Ҳалима Ибрагимова билан ижро этилган “Омон ёр” дуэти мазкур блокда ижро этилди.


Райҳоннинг янги Ватан ҳақидаги қўшиғи ҳам яхши кутиб олинди. Қўшиқ аввалида Райҳон томошабинларга “мана шундай жаннатмакон Ватанда яшаётганимиз катта бахт” эканлигини айтиб ўтди.


Концертда болалар рақс ансамблларининг чиқишларидан ҳам унумли фойдаланилган. “Чупра далли” , “Кел,ўйна” каби қўшиқлар жажжи қизалоқларнинг рақслари билан ўзига хос жозиба касб этди.


Райҳон янги шоу-дастурида олти ҳамкасби билан дуэт ижро этди. Сардор Раҳимхон, Зиёда, Муниса Ризаева, Шаҳриёр, Ҳалима Ибрагимова, Жаҳонгир Позилжоновлар билан ижро этилган дуэт тароналарнинг барчаси томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Айниқса, Жаҳонгир Позилжонов ва “Божалар” гуруҳи иштирокидаги “Баччан ансамбли”нинг чиқиши мухлисларга аъло кайфият бахш этди.


Райҳон концертда “Дув-дув гап” деб номланган янги таронасини ижро этди. Мазкур қўшиқ орқали хонанда мухлисларга мурожаат этиб, унинг ҳаёти ҳақида асоссиз миш-мишлар чиқармасликлари ва ғийбат қилмасликларини сўради.


Чиқиш давомида Жаҳонгир Позилжонов “айни дамда Божалар гуруҳининг концерт дастури бўлиб ўтаётгани ва унда меҳмон сифатида иштирок этаётган хонанда Райҳон уч дақиқада 22 та қўшиқ куйлаб беришга келгани”ни айтиб ҳаммани кулдирди.


Концертни ҳиндча блок якунлаб берди. Мазкур блокда “Намасте”, “Ҳабиби” каби хит тароналар ижро этилди. Жаҳонгир Позилжонов билан ижро этилган хазил дуэт ҳам ушбу блокдан ўрин олди.


Дастур давомида хонанданинг мухлисларидан бири Райҳоннинг янги альбоми диски билан тақдирланди. Ўз навбатида мухлис ҳам Райҳонга ўз совғасини тақдим этди. Бу хонанданинг онаси, марҳум актриса Тамара Шокированинг портрети эди. Портретни кўрган Райҳон онаси беш йил бурун вафот этганини айтиб, бир муддат сукут сақлади ва мухлисига миннатдорчилик билдирди.










Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар