Россиянинг Краснодар шаҳрида аҳоли яшайдиган уйлардан бирининг гаражидан полиэтилен пакетга ўралган 9 ойлик боланинг жасади топилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар берди “Ria.ru” нашри.
Боланинг онаси Нигерия фуқароси бўлиб, унинг ўлимида энагаси айбланмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларининг маълумот беришича, нигериялик аёл 9 ойлик ўғлининг йўқолганлиги тўғрисида ариза билан полицияга мурожаат қилган. Йўқолган боланинг энагаси ҳам худди шу мазмунда ариза ёзган. Унинг айтишича, уйга нигериялик аёлнинг таниши келиб, энагага хизмати учун ҳақ тўлаб, болани олиб кетган. Шундан кейин боланинг йўқолганлиги юзасидан жиноят иши қўзғатилган эди.
“25 февраль куни 33 ёшли энага яшайдиган уй ҳудудида жойлашган гараж текширилганда, унинг ертўласидан, йўқолган боланинг полиэтилен пакетга солиб, ерга кўмилган жасади топилди. Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, бола механик асфиксия, яъни бўғиб ўлдириш оқибатида вафот этган”, дейилган полиция берган хабарда.
Шундан кейин боланинг энагаси қотилликда айбланиб, қўлга олинди. Унга нисбатан қотиллик бўйича жиноят иши қўзғатилди. Терговчи уни қамоққа олиш бўйича судга мурожаат этди.