Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда учрашув ташкил этилди.
“Диний экстремизм ва терроризмнинг аянчли оқибатларидан ҳарбий ҳизматчиларни ҳимоя қилиш ва уларда ушбу иллатларга қарши иммунитетни шакллантириш” мавзуида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик таъминланаётгани, инсон қадр-қиммати улуғланаётгани қайд этилди. Таъкидландики, бугун дунёнинг турли давлатларида кечаётган мураккаб жараёнлар, диний экстремизм ва терроризм хавфининг кун сайин кучаётгани барчамизни огоҳликка чорлайди.
— Глобаллашув даврида тинчликни асраш, барқарор ривожланишни таъминлаш инсоният олдидаги энг муҳим вазифалардан биридир, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Илҳомжон Маърупов. — Боиси, тинчлик-осойишталик йўқ жойда фаровон турмуш, тараққиёт ҳақида ўйлаб ҳам бўлмайди. Айни пайтда халқимиз бугунидан рози бўлган ҳолда, эртанги кунга дадил қадамлар билан одимламоқда. Бунда ҳарбий хизматчиларнинг ҳам ўрни беқиёсдир.
Тадбир якунида иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.