Американинг Орегон штатидаги ҳайвонлар сақланадиган жойда яшовчи, эгасиз, Пикассо лақабли ит ижтимоий тармоқларнинг юлдузига айланди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.
Ғайриоддий итга бағишланган пост Dogsofinstagram`нинг Instagram-аккаунтига жойлаштирилди. Профиль маъмурияти ўз фойдаланувчиларидан итни боқиб олишни илтимос қилди. Эгасиз Пикассо заҳарлаб ўлдирилмоқчи бўлганда ҳайвонларни сақлаш жойи ходимлари томонидан қутқариб қолинган. “Пикассонинг ташқи қиёфаси кулгили кўринса-да, у ўзини бардам ва бахтли ҳис қилади”, дейишди уни парвариш қилаётган ходимлар.
Пикассога бағишланган пост уч кунда 112 минг лайк тўплади ва фойдаланувчилар 3,5 мингдан ортиқ изоҳ қолдиришди. У барча ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлди.
Luvable Dog Rescue ходимининг айтишича, ҳозирда Пикассо ветеринарларнинг жарроҳлик операциясини ўтказиш хулосасини кутмоқда. У ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришгандан кейин уни боқиб олиш истагида бўлган жуда кўплаб одамлар мурожаат қилган. Аммо Пикассо жарроҳлик операциясидан кейингина боқиб олиш учун берилиши мумкин.