Дилноза Кубаева марҳум турмуш ўртоғи ҳақида гапирди.
Актриса “Дарё” интернет-нашрига берган интервьюсида биринчи ва сўнгги муҳаббати фарзандининг отаси эканлигини айтиб ўтди.
“Биринчи муҳаббатим ҳам, балки сўнгги муҳаббатим ҳам раҳматли жуфти ҳалолимдир. Турмуш ўртоғим жуда ҳам оддий, ҳокисор, ҳалол одам эдилар. Ҳар хил миш-мишлар чиққан, аммо у гаплар шунчаки миш-миш бўлган, холос. Жуфти ҳалолимни розилиги учун эримга берган аҳдимга содиқ қолдим, шу сабабли икки йил умуман ижоддан кетдим. Уларни норози қилиб бирор нарсага эришишим мумкин эмас эди. Хўжайиним 30 ёшдан ошганда оламдан ўтдилар, улар мендан миннатдор бўлиб, рози бўлиб: ‘Сенга тарбия берган онангга раҳмат!’, — дедилар. Бу гап мен учун бутун умрга татийди. Шунинг учун ўғлимнинг ҳам олдида виждоним пок, унинг кўзига бемалол қарай оламан, унга ҳам барчасини очиқ-ойдин айтаман.
Ҳаммаси учун розиман. Яхшиям сабрли бўлган эканман, яхшиям қанақа кун бўлса ҳам чидаган эканман, яхшиям «касбингни ташла» деган вақтларида ташлаган эканман — мана яна ишлаб кетдим. У инсонни жуда ҳам эъзозладим, худди ёш боладек. Кези келганда эмизикли боламни онамга ташлаб, улар билан бирга касалхонада қолганман.
Раҳматли турмуш ўртоғим тадбиркорлик билан шуғулланганлар, боладек беғубор, яхши инсон бўлганлар. «Келгинди келин» фильмидаги ролимни кўриб мени ёқтириб қолган эканлар. Ўша вақтда ич-ичларидан: «Шу қиз мени рафиқам бўлсайди», деган кечинма, туйғу ўтган экан. Кейинчалик: «Ўша вақтда ичимдан ўтган туйғу ижобат бўлган», деб хотирлаб юрардилар. Мендан дастхат олиш баҳонасида театрга келганларидан сўнг танишиб қолганмиз”,—дейди Дилноза Кубаева.
Актриса суҳбат давомида кинода камнамолиги сабаблари, ҳаётидаги унутилмас кунлар, ёш актрисаларга муносабати ҳақида тўхталиб ўтган.