АсосийJamiyat

​Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасига барпо этиладиган лойиҳалар билан танишди

'​Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасига барпо этиладиган лойиҳалар билан танишди 'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев куни кеча Ўзбекистоннинг учта шаҳарида Биринчи Президент Ислом Каримов ҳайкалини ўрнатиш ҳамда Самарқанддаги ёдгорлик мажмуасини қуриш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди. «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурида шу ҳақда сўз борди.

«Муҳтарам Пезидентимизнинг қабрларини ҳали ҳамон ҳар куни юртимизнинг ҳар бир нуқтасидан келиб зиёрат қилишмоқда. Бу халқимизнинг чексиз муҳаббатидан далолат. Халқимиз ва халқаро ҳамжамият Ислом Каримов номини Жорж Вашингтон, Шарл де Голл, Мустафо Камол Отатурк сингари давлат ва сиёсат арбоблари қаторига қўяди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Мустақиллигимизнинг 26 йиллигига Самарқанддаги Ислом Каримов дафн этилган жойда ёдгорлик мажмуаси бунёд этилишини маълум қилди. Мазкур мажмуани барпо этилишида дунёнинг машҳур Ислом уламолари етук архитектор ва муҳандисларнинг ёрдамидан фойдаланилиши айтиб ўтилди.

Ислом Каримов узоқ йиллар фаолият олиб борган Оқсарой қароргоҳида унинг номидаги хайрия жамоат фонди ва илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси фаолият кўрсатади. Қароргоҳ қаршисидаги майдонга эса Ислом Каримовнинг ҳайкали ўрнатилади.

Ҳайкал яқинида Ўзбекистоннинг диққатга сазовор масканлари, жумладан Самарқанддаги Регистон майдони, Шаҳрисабздаги Амир Темур майдони, Тошкентдаги «Ўзбекистон» Форумлар саройи ва бошқа объектлар макетлари боғи ташкил этилади.

Самарқанд марказига ҳам биринчи Президент ҳайкали ўрнатилади. Унинг яқинида музей бунёд этилиб, хиёбон атрофига фавворалар ва майсазорлар жойлаштирилади.

Ислом Каримовнинг яна бир ҳайкали Қашқадарё вилояти раҳбари сифатида ишлаган Қарши шаҳрида бунёд этилади.

Бошқа янгиликлар