Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори имзоланди.
Мамлакатимизда мўътабар аёл зотига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг жамиятимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ўзининг иқтидори ва ибратли фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган қизларни рағбатлантириш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 10 июндаги «Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармонига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтидорли қизлари аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда адабиёт, маданият, санъат, таълим ва спорт соҳаларидаги алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти бўйича кўзда тутилган 14 та мукофот ўрнига 2017 йил учун истисно тариқасида Қорақалпоғистон Республикасининг 2 нафар, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 1 нафардан вакилаларига – жами 15 та мукофот берилди.
Тақдирланганларга 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишлаб ўтказиладиган тантаналарда совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилди.
Совриндорларнинг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилади.
Бу йил тақдирланган қизларга мукофотларни илк бор Президентнинг ўзи тантанали равишда топширди.






