Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 6 март куни давлат ташрифи билан Ашхободга келди.
Ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовга мамлакатимизда яқинда чоп этилган Махтумқулининг “Элингга бахш айла” деб номланган китобини совға қилди. Туркманистон Президенти китоб энг яхши туҳфа эканини таъкидлаб, Президентимизга миннатдорлик билдирди, деб ёзади ЎзА.
Куннинг иккинчи ярмида Президентлар Халқаро Ахалтеки отлари мажмуаси билан танишдилар. Туркманистон Президенти давлатимиз раҳбарига зотдор от совға қилди.
Президентимиз Туркманистон Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди. Фахрий меҳмонлар хиёбонига кўчат ўтқазди. Бу хиёбонга Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 2007 йилда кўчат ўтқазган эди.
Давлатимиз раҳбари Сапармурат Ниёзов мақбарасига гул қўйди. Ўтганларнинг руҳи покларига Қуръон тиловат қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифи давом этмоқда.