Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 6-7 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.
Ташрифнинг иккинчи куни Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманобод шаҳрига бордилар.
Ушбу шаҳар яқинида Амударёда қурилган Туркманобод-Фараб автомобиль ва темир йўл кўприкларининг тантанали очилиш маросими бўлди, деб ёзади ЎзА.
Автомобиль кўпригининг узунлиги 1600, темир йўл кўпригининг узунлиги 1750 метр. Уларни қуришда туркманистонлик ва украиналик қурувчилар иштирок этган, Германия, Норвегия технологияларидан фойдаланилган.
Президентлар кўприклар олдидаги майдонда ташкил этилган ўзбек ва туркман амалий санъати намуналари, ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирдилар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур кўприклар халқларимиз дўстлигининг тимсоли бўлиб, нафақат Туркманистон, балки бутун минтақа учун геостратегик аҳамиятга эга эканини қайд этди. Ўзбекистонда ҳам транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, ўтган йили қурилган Ангрен – Поп темир йўли Марказий Осиёни Хитой билан темир йўл орқали боғлаганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон ва Туркманистон темир йўллари ўзаро интеграциялашиб, қайта тикланаётган Буюк ипак йўлининг муҳим бўғинини ташкил этади, минтақа ривожи ва халқларимиз фаровонлигига хизмат қилади.
Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон транспорт ва транзит соҳаларини ривожлантириш бўйича ташаббусларни илгари сураётгани, ушбу кўприклар бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси эканини таъкидлади. Қурилиш ишларининг сифати ва аҳамиятини юқори баҳолаб, қурувчи ва пудратчиларга миннатдорлик билдирди.
Давлат раҳбарлари поездга ўтириб, кўприкдан ўтдилар.