БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгаши бўлмининг 34-сессияси майдонида ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан бирифинг ўтказилди.
Учрашувда бир қатор йирик халқаро ташкилот, дипломатик корпус, академик ва эксперт доиралари раҳбарлари иштирок этишди. Брифингда Ўзбекистон республикаси инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов маъруза қилди. Мамлакатимизнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларида босқичма-босқич ўтказилаётган ислоҳатлар ҳақида учрашув қатнашчилари батафсил маълумот берилди. Иштирокчиларга Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида БМТ муассасалари билан ҳамкорлиги таништирилди, деб ёзади UT нашри.
Меҳмонлар Ўзбекистонда 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилинганини, унинг асосини инсон манфаатларини, ҳуқуқларини, эркинлигини таъминлаш ташкил этишини ўзига хос қизиқиш билан тинглашди. Шунингдек “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ҳам тақдим этилди.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси раҳбарияти Ўзбекистонда қабул қилинган халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини ҳимоя қилиш Давлат дастурини юқори баҳолади. Мазкур соҳада белгиланган вазифаларни амалга оширишда, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда ҳар томонлама ёрдам беришга, ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Женевадаги дипломатик доира президенти Роберт Блум халқ фаровонлигини ошириш, фуқароларни сиёсий, иқтисодий, маданий ҳуқуқлар билан таъминлаш йўлида мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳатлар ҳақида ижобий фикр билдирди. Шу билан бирга у мустақиллик туфайли мамлакатимизда қонун устиворлиги асосида сиёсий тизимнинг барқарорлашганини таъкидлади.
Халқаро меҳнат ташкилот вакиллари Ўзбекистоннинг улар билан қилган ҳамкорлиги туфайли меҳнат соҳасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида сезиларли ривожланишга эришилгани ҳақида фикр билдиришди. 28 февраль куни имзоланган мазкур Битим 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун хизмат қилиши ҳақида гапирилди. Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари жорий йилнинг июнь ойида ўтказиладиган Халқаро меҳнат анжуманининг 106 сессиясида Ўзбекистон делегациясини кутиб қолишларини билдиришди.






