АсосийDunyo

​Хайр-саховатни амалга ошириш йўлидаги ажойиб ғоялар

'​Хайр-саховатни амалга ошириш йўлидаги ажойиб ғоялар'ning rasmi

Ягона инсоннинг эзгулик йўлидаги саъй-ҳаракати минглаб одамларни илҳомлантириши, дунёни ижобий томонга ўзгартириши мумкин. Қуйида сизга инсонга умид бахш этувчи воқеаларни ҳавола этамиз.


Муҳтожлар учун озиқ-овқат маҳсулоти қолдириш мумкин бўлган “Эзгулик жавони”

“Эзгулик жавони” акциясини Иркутск шаҳар аҳолиси ўйлаб топди. Шаҳарнинг ҳар бир фуқароси супермаркетдан инсон учун энг зарур бўлган эҳтиёж буюмларини харид қилиши ва уни муҳтожлар олиши учун “Эзгулик жавони”да қолдириши мумкин. Бугунга келиб Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам бундай жавонларни учратиш оддий ҳолга айланди.


Етим болаларнинг таълим олиши учун 30 йил кўча супурувчи бўлиб ишлаган хитойлик эркак

Хитойда оддий кўча супурувчиси бўлиб ишлаган эркак яшаб турган уйини сотиб, ижара уйга кўчиб ўтди ва ўттиз йил давомида ишлаб топган пулини ёрдам сифатида ота-онаси ташлаб кетган, етим болаларнинг таълим олиши учун сарфлади. Унинг бу иши бошқа хитойликларни ҳам илҳомлантириб, улар ҳам етим болаларга хайрия қилишди.


Номаълум эркак неварасини ижтимоий хизмат ходимлари олиб қўймаслиги учун пенсионер аёлга уй совға қилди

Қозоғистонлик номини ошкор этишни истамаган одам ота-онасиз етим қолган неварасига васийлик қилиши учун ўз уйига эга бўлиши лозим бўлган пенсионер аёлга уй совға қилди. Маҳаллий аҳоли аёлга уйни таъмирлашда, мебель ва техника жиҳозлари сотиб олишда ёрдам берди.


Муҳтожлар учун кийим-кечак, озиқ-овқат илинадиган “Эзгулик илгаклари”

“Эзгулик илгаклари” акциясини Сербия, Хорватия, Босния ва Герцеговиня фуқаролари қизғин қўллаб-қувватлади. Улар ҳар бир ахлат контейнери ёнига махсус илгак илиб қўйишди. Унга истаган одам муҳтожлар учун озиқ-овқат, кийим-кечак солинган халталарни илиб қўйиши мумкин.


Уйига қайтиш учун чипта олишга пули бўлмаган одамларга 350 000 авиамиль ҳадя қилган одам

Тадбиркор Питер Шанкмен саёҳат қилишни хуш кўради. У Рождество байрамига уйга қайтиш учун чипта олишга қурби етмаган одамларга ўзи йиққан 350 000 авиамилни совға қилди. Питер ўзининг бу иши билан минглаб одамларни эзгулик амалларини бажаришга илҳомлантирди, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам ўзларига тегишли авиамилларни оиласи бағрига қайтмоқчи бўлган одамларга совға қилди.


Петербургда номаълум ҳомий пенсионернинг 2,5 миллион рубль қарзини тўлади

Санкт-Петербургда номаълум ҳомий самолёт сотиб олган пенсионер учувчи эркакнинг солиқ тўлаши учун лозим бўлган 2,5 миллион рубль қарзини тўлади. Собиқ учувчи бир пайтлар ўзи учган самолётни сотиб олганига қарамай, 20 йил мобайнида унинг солиқларини тўлолмаган. Ҳозирда пенсионер учувчи самолётни таъмирлаб, барча хоҳловчилар учун авиасаёҳатни йўлга қўйишни ният қилган.


Имом совуқда қолган уйсиз одамларни иссиқ мачитда тунашга таклиф қилди

Сараево шаҳрида яшовчи имом уйсиз-жойсиз одамларни совуқдан ҳимоялаш мақсадида тунаш учун мачитга таклиф қилди. Миллатидан, ирқидан, динидан қатъи назар у мачитга келган ҳар бир одамни азиз меҳмондай кутиб олади. Шаҳар аҳолиси имомнинг бу ишини қўллаб-қувватлаб, мачитда тунаган одамларни озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимлик билан сийлашди.


Автомобиль эҳтиёт қисмларини ўғирлатган ногиронга ёрдам берган одамлар

Томск шаҳрида яшайдиган кекса, ногирон эркакнинг уйи ёнида турган автомашинаси эҳтиёт қисмларини номаълум шахслар ўғирлаб кетди. Унинг ўғли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан жиноятчиларни излаб топишда ёрдам сўради. Шаҳар аҳолиси жиноятчиларни қидириб топмаган бўлса-да, автомобиль эҳтиёт қисмлари сотиб олиш учун пул йиғиб беришди. Уларнинг бу ишидан қувончга тўлган қария таъмирланган автомашинасида куни билан унга ёрдам берган одамларга боғидаги олмаларни ташиб, улашди.


Бир кунда 53 000 нафар дайди ит ва мушукларга эга топилди

АҚШнинг Техас штатида ҳар йили “Ҳайвонлар сақланадиган жойни тозалаш” (Clear the Shelters) акцияси ўтказилади. Акция жараёнида бир куннинг ўзида ўнлаб ҳайвонлар сақланадиган жойлардаги ит ва мушуклар одамларга текин тарқатилади. 2016 йилда ўтказилган акцияда штатда мавжуд бўлган 11 та ҳайвонлар сақланадиган жойдаги 53 000 нафар ит ва мушук эгаларига топширилиб, бўшаб қолди.


Сотувчи Умар болалар уйига мевалар ҳадя этди

Москва бозорларидан бирида сотувчи бўлиб ишловчи Умар исмли эркак харидорлардан бири болалар уйи учун мандарин сотиб олаётганини эшитиб, бир неча қути мевани болалар уйига совға қилди.

Аdme.ru” нашри

    Бошқа янгиликлар