Бугунги кунда Республикада 4893 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, шулардан 2931 та мактабгача таълим муассасасида маънавият хоналари, 526 та муассасада музейлар фаолият юритмоқда, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.
Халқ таълими вазирлиги ҳар бир боланинг сифатли таълим олишига ҳамда уларнинг ўз потенциали ва ривожланишини тўлиқ амалга оширишига катта аҳамият бериб келмоқда. Хусусан, мактабгача таълим муассасаларида 3-6 ёшдаги болаларнинг сифатли мактабгача таълим ва тарбия олиш имкониятларини кучайтириш, шунингдек, ота-оналар, аҳоли ва жамоатчиликнинг болаларга эрта таълим бериш ва оилада эрта китоб ўқишни ташкил этишнинг аҳамияти тўғрисида ҳабардор қилиш мақсадида тизимдаги барча мактабгача таълим муассасалари қошида кичик кутубхоналар ташкил этилмоқда. Жорий йилда 1220 та мактабгача таълим муассасаси 50 номдаги китоблар билан таъминланади.