Жорий йилнинг 14 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов раислигида тошқинга қарши комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Молия, Мудофаа, Ташқи ишлар вазирликлари, Ўзгидромет маркази, Давлат геология қўмитаси ва бошқа тегишли ташкилот, идораларнинг раҳбарлари ҳамда масъул мутахассислари иштирок этдилар.
Тадбирда Фавқулодда вазиятлар, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, Ўзгидромет маркази, Давлат геология қўмитаси раҳбарлари, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхандарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари соҳа йўналиши борасида: 2017 йилда сел, сув тошқини ва кўчки ҳодисаларининг хавфи бўйича башорати, мавсум давомида аҳоли ва ҳудудларни муҳофазасини ташкил этиш хусусидаги маърузаларини ўқиб эшиттирдилар.
Ўтган 2016 йилда, республикамиз ҳудудларида тошқин, сел ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишларни такомиллаштириш юзасидан кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, 3 млн 248 минг 300 метр куб тупроқ, 131минг 600 минг метр куб тош, 30 минг 600 метр куб бетон ҳажмдаги қирғоқ мустаҳкамлаш ва ўзан тозалаш ишлари амалга оширилди, дея хабар беради ФВВ Матбуот хизмати.
Бундан ташқари маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, тегишли вазирликлар, идоралар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликда хавфли ҳудудлардаги дарёлар, сойлар ва каналлар ўзанларини тозалаш, қирғоқ ва дамбаларни мустаҳкамлаш тадбирларини амалга ошириш мақсадида 99 маротаба тактик-махсус ўқув машқлари ўтказилди.
Ўқув машқлари давомида 88 минг метр куб тупроқ ишлари, 2437 метр куб харсанг тош ишлари, 39071 метр куб қум-шағал-тош ишлари, 484 метр куб бетон ишлари бажарилиб, 32 погон километрдан ортиқ масофадаги магистрал каналлар тозаланди.
Шунингдек, аҳолини хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан 69 та назорат-кузатув постлари ташкил этилди. Республикамизнинг тоғли ҳудудларидаги қор захираларини ва баланд тоғлардаги кўлларнинг ҳолатини баҳолаш ҳамда қор кўчкиси ва сел хавфи мавжуд ҳудудларни аниқлаш мақсадида 8 маротаба аэровизуал кузатув ишлари амалга оширилди.
Йиғилиш якунида қуйидаги тадбирларни амалга оширишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди:
аэровизуал кузатувлар ва жойларни ўрганишлар йўли билан 2017 йил баҳор-ёз мавсумида хавфли геологик ва гидрометеорологик ҳодисаларнинг мониторингини кучайтириш;
тошқин, сел ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудларда истиқомат қилувчи хўжаликлар аҳолисини хавфсиз ҳудудга кўчириш;
сел, сув тошқини, кўчки хавфи мавжуд ҳудудларни муҳофаза қилиш мақсадида қирғоқ мустаҳкамлаш ишларини олиб бориш;
хавфли ҳудудларда муҳандислик ва автомобил техникаларини жалб қилган ҳолда қирғоқ мустаҳкамлаш ва ўзан тозалаш ишларини бажаришга қаратилган тактик-махсус ўқув машқларини ўтказиш;
сел оқимлари ва сув тошқинлари хавфи ҳақида тезкор ахборотларни этказиш ва аҳолини хабардор қилиш мақсадида республика ва ҳудудий тошқинга қарши штаблар фаолиятини йўлга қўйиш;
баҳор мавсумида, хавфли жараёнларни кузатиб бориш, аҳолини хавфли ҳудудларга йўлатмаслик мақсадида, республика бўйича назорат-кузатув постларини ташкил қилиш;
геологик ва гидрометеорологик хавфли ҳудудлардаги объектларга Узгидромет ва хавфли геологик жараёнларни кузатиш хизматлари томонидан берилган кўрсатмаларни бажарилишини ташкиллаштириш;
тошқин, сел ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли орасида тарғибот ва ташвиқот ишларини ўтказиш, тошқин, сел ва кўчки хавфлари ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш.
Таъкидлаш жоизки, 2017 йилда дарё, сойларнинг ўзанлари ва қиғоқларида, гидротехника иншоотларида муҳандислик-техник ва бошқа ҳимоя тадбирларини амалга ошириш учун Тошқинга қарши Ҳукумат комиссияси қарори билан 62 млрд сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.






