1

“Наврўзнинг ёши 10 000 йилдан кам эмас”

ЖАМИЯТ 18.03.2017, 11:32
Теглар: Байрам
“Наврўзнинг ёши 10 000 йилдан кам эмас”

Халқимиз тафаккурининг бетакрор мўъжизаси – Наврўз аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган ўлмас қадриятлардан биридир. У асрлар мобайнида инсоният тараққиётининг ҳар бир ютуғидан доимо куч ва қувват олиб келган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон халқ артисти Фарҳод Бобожонов ҳамда таниқли тадқиқотчи, қадимшунос олим, академик Зойир Зиётовнинг ноанъанавий мунозараси ана шу азалий ва умрбоқий байрамнинг кечмиши ва бугуни хусусида кечди.

«12 кун байрам қилишган»

Фарҳод Бобожонов: Қадимги юнон олими Страбоннинг ёзишича, икки дарё оралиғида истиқомат қилган аждодларимиз Наврўз куни оташкада, яъни оловга топиниладиган ибодатхоналарда тўпланишган ва йилбошининг 12 кун давомида тантана қилишган. Байрамда ҳар бир кишининг устига қуёш нури тушиши унинг йил бўйи тўкин-сочин, баракали ҳаёт кечиришидан дарак беради, деб қаралган. Байрам тантаналари дала ишларининг бошланиши билан ўз ниҳоясига етган.

Абу Бакр ибн Жаъфар Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида ҳам Наврўз ўлкамизда бир неча минг йил давомида узлуксиз нишонланиб келаётганлигини тасдиқлайдиган муҳим далиллар келтирилган.

Хитойлик муаррих Вей-Цзе қадимги самарқандликларнинг Наврўз байрами ҳақида шундай ёзади: “Олтинчи ойнинг биринчи куни уларда йилбоши ҳисобланади”. Ўша куни подшоҳ ҳам, халқ ҳам ўзларининг янги либосларини киядилар, улар шаҳарнинг кунчиқар тарафидаги бир дарахтзор ёнидаги майдонда тўпланишиб, байрам қиладилар.

Ардоқли ва қадимий байрамимиз Наврўзи олам ўлкамизда бир неча минг йилдан буён нишонланиб келаётганлигини таниқли инглиз олими Бойснинг тадқиқотлари ҳам тасдиқлайди.

Манбаларда энг ҳаётбахш ва қадимий байрамимиз наврўзнинг қачон пайдо бўлиши хусусида турли мулоҳазалар билдирилган. Сизнинг фикрингизча бу байрамнинг тарихи янада қадимийроқ, шунда эмасми?

Ҳали йил ҳисоби бўлмаганда...

Зойир Зиётов: Наврўз тарихини ўн минг йилдан ўн беш минг йилгача деб ҳисоблаш мумкин. Наврўз аслида Марказий Осиёда яшаган қадимги аждодларимизнинг кашфиёти. У ҳали йил ҳисоби ўйлаб топилмаган, йиллар фаслларга, ойларга ҳафталарга бўлинмаган узоқ замонлардаёқ совуқ билан (қиш билан ёзнинг эмас) иссиқнинг алмашинуви кунлари экин-тикиннинг бошланиши муносабати билан байрам қилинган. Илиқ кунлар келаётганидан эса баҳорнинг илк чечаги - бойчечак хабар берган. Ғорларда, ярим ертўлаларда қишнинг изғиринли совуқларидан зўрға жон сақлаб чиққан ибтидоий давр одамлари ҳали йил ҳисобларини билмаса-да, бойчечакнинг ерни ёриб чиқишининг ўзиёқ улар қалбида байрам шукуҳини қўзғатган.

Мисрда ёши ўн минг йиллик буғдой донаси топилган. Бироқ буғдой Мисрнинг экини эмас, у дастлаб Осиёда маданийлаштириб сўнг Мисрда экила бошлаган, шунинг учун наврўзни ёшини ҳам ўн минг йилдан кўпроқ ва ўн беш минг йилгача деб баҳолаш мумкин.

Минг йиллик сувратлар

Ф.Б. Наврўз байрами қадимги аждодларимиз тафаккурининг маҳсули эканлигини тасдиқлайдиган яна бир муҳим далил, Фарғона водийсидан топилган қоятош сувратларидаги мавсумий маросимларга оид чизгилардир. Маълумки, Фарғона водийсининг тоғли худудидаги Кўгарт давони яқинида, Саймалитош деган жойда кўплаб қоятош сувратлари, петроглифлар аниқланган.

Қадимги фарғоналикларнинг йил фасллари ва қуёшнинг йиллик ҳаракатини кузатишга асосланган астрономик кузатишларини ўзида акс эттирган Саймалитош суратлари милоддан аввалги III минг йилликдаёқ яратила бошланган, деб ҳисоблайди. Саймалитош сувратлари ўзига хос расадхона вазифасини бажарган бўлиб, қуёшнинг чиқиши ва ботишига асосланган вақт ҳисобини акс эттирган.

Сувратлардан бирида, иккита ҳўкиз, уларнинг атрофида 12 та одам, кеча ва кундузнинг 12 соатдан иобратлигини, яъни кузги ва баҳорги тенг кунликни англатади. Чунки деҳқончилик билан шуғулланиб келган Ўрта Осиё халқлари йил боши–Наврўзни 21 мартдан бошланади, деб ҳисоблайдилар ва баҳорги тенг кунликдан дала ишларини бошлайдилар.

Жамшиднинг араваси

З.З. Тўғри, буюкларимизнинг яна айрим қизиқ маълумотларини эслатаман. Кейин уларни изоҳлаш осон бўлади. Умар Ҳайём “Наврўзнома”сида Наврўз байрамлари ҳар доим ҳам қуёшнинг ҳамал буржига кирган (21-март)да ўтказилавермаганини, турли даврларда падишоҳлар байрамини нишонлаш кунларини ўзгартириб турганини ёзади.

Умар Ҳайёмнинг “Наврўзнома”сидаги каби Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сида ҳам янги йил байрами шоҳ Жамшид номи билан боғланади. Жумладан, Жамшид юртга яхшилик қилиш мақсадида одамларга ҳунарлар ўргатади, темир эритиб қурол ясатади, ип йигиртириб тўқитади, иморатлар барпо қилади. Ниҳоят, “ишлари гуркираб берганда мева”, бир куни тахт ясаб, унда осмонга кўтарилади. Ушбу афсонага кўра худди шу куни Наврўз нишонланган.

Беруний фикрича ҳам Наврўз шоҳ Жамшидга боғланади: “Жамшид ўзига арава ясаб олгач, ўша куни аравага чиқиб олди, жинлар ва шайтонлар уни ҳавога кўтариб, бир кунда Дунбованддан (Дамованд тоғи) Бобилга олиб бордилар. Одамлар бир ажойиб воқеани кўргач, ўша куни байрам қилдилар ва “Жамшиднинг (аравада учишига) тақлид қилиб арғимчоқларда учдилар”.

Бу афсоналар чуқур фикрлашга ва илмий тахлил қилишга чорлайди. Шоҳ Жамшид тахт ясаб, арава ясаб осмонга кўтарилган икки ҳолатда ҳам уни Бобилга учгани кўзда тутилаётир.

Нега айнан Бобил?

Ф.Б. Марказий Осиёлик аждодларимиз кашф қилган Наврўзнинг Бобилга нима алоқаси бор?

З.З. Бунга алоқадор воқеаларни қисқача ва соддароқ изоҳлашга ҳаракат қиламан. Ер юзида турли давралрда халқларнинг буюк кўчишлари содир бўлиб туради: улар ҳар доим ҳам урушлар туфайлигина кўчавермаган. Масалан, чорва яйловларини кенгайтириш мақсадида кўчишлар кўп бўлган. Бироқ бундан 11800 йил бурун сайёрамизда қандайдир талофат юз берганида сайёрамизнинг, хусусан Марказий Осиёнинг иқлими кескин ўзгариб, ҳарорат совиб кетади. Денгиз сатхидан 800-1000 метр баландликлар доимий қор билан қопланади, ҳатто Каспий ва Орол денгизлари музлайди. Ана шу иқлим ўзгариши одамларнинг ёппасига жанубга кўчишга мажбур қилади, бир қисми эса Беринг бўғози орқали Америка қитъасига кўчади.

Марказий Осиёдан Месопатапия (Дажла ва Фурот дарёларининг оралиғи)нинг жанубига кўчиб борган халқ янги ватанида бундан беш ярим, олти минг йил аввал мисли кўрилмаган цивилизацияни - ёзувни, йилнинг, ойларнинг, ҳафталарнинг ҳисобини ҳам кашф қилади.

Бу халқ (ёки қабилалар иттифоқи)нинг асл номи Кенги (Кангуй, Қанғ, Қанғли, Қанғир бўлиши ҳам мумкин) бўлиб кейин уни европанинг олими, айрим сабабларга кўра Шумер деб аташга қарор қиладилар. Аждодларимизнинг барча кашфиётларини ёзиб ўтирмаймиз, бироқ ўқувчи тасаввур қилиши учун айтамизки дунё цивилизациясининг энг бошида турганлар бизнинг аждодларимиз эди. Улар йилни ойларга ва ҳафталарга бўлганда ҳар бир ойи ва ҳафтанинг ҳар бир куни ҳам ном қўйиб чиқадилар. Йил иккита тенгкунлиги (март, сентябрь)ни ҳам, йилнинг энг қисқа кун, энг узун кунларини ҳам белгилайдилар.

Янги Ватан, янги иқлим...

Қанғлилар янги ватанга келгач кўрдиларки, бу жойда иқлими илк ватанидаги иқлимидан кескин фарқ қилади. Ана шу иқлим шароитида деҳқончилик қилишни йўлга қўядилар. Энди баҳорги тенгкунлик (21-март) улар экин экмасдилар, аксинча ҳосилни йиғиштириб оларди ва аксинча кузги (21-сентябрь) тенгкунликда экин экишарди.

Илк ватандаги йилбоши байрамини ўтказиш удумларини янги ватанларида янгича маросимлар билан бойитиб нишонлайдиган бўладилар. Бу байрам табиатнинг ўлиши ва тирилишини ўзида акс эттиради. Қанғиларнинг беш-беш ярим минг йиллик достонларида афсонавий подшоҳ Думузи (чўпон) табиатнинг ўлишининг рамзи бўлса Инанна (Зухро юлдузи) табиатнинг тирилиши, унумдорлик рамзи сифатида куйланади.

Ҳар йили янги йил байрамида ҳукмдор Думузи (таммуз) ва кохиналардан бири Инанна ролини ўйнаб саҳнадаги спектакл ўйналади. Бу байрамда халқ ҳам оммавий иштирок этиб Думузининг ўлимига қайғуриб мотам қўшиқларнинг ижро этишади. Бир Шумер достонида табиатнинг ўлиши қуйидагича куйланади:

Қалби қонли ёшларга тўлди,

У тўғри водий томон йўл олди,

Ҳа, подачининг қалби қонли ёшга тўлди,

Фақат унга ором берар гўёки водий.

Подачи–у қон йиғлаётган Думузидир,

У дардини ёяр поёнсиз водийга,

Найини у лабга қўйиб

Изтиробларини тўкиб солди бегарон

Куйла, ғамгин қўшиғингни, куйла, эй водий,

Сен ҳам мандай қалби ғамга тўлган ошиқсан,

Куйла, водий, нолаларнинг ранг-баранг бўлсин,

Дарёдаги чиғаноқлар ҳатто инграб юборсин,

Энг қизиғи шундаки янги йил байрамини улар ҳар йили икки марта - баҳорги ва кузги тенгкунликларда нишонлашган. Баҳорги тенгкунлик янги ватанда ҳосил йиғиштириладиган мавсумга тўғри келса-да, улар шу мавсумдаги байрамни асосий янги йил байрами деб нишонлашган, зеро аждодларимиз аввалги ватани билан узвий алоқани ҳечҳам узмаган эдилар. Бунга тарихий далиллар кўп.

Мангуликка дахлдор

Ф.Б. Бу сухбатдан шуни англаб еттикки Наврўзимизнинг энг қадимги тарихини чуқурроқ ўрганиб олишимиз учун шу мавзудаги асарларга мурожаат қилишимиз зарур экан.

Ф.Б. Қадим-қадимдан бизнинг худудимизда қут-барака сўраб турли маросимларни ўтказишган. Наврўз Ўрта Осиёда яшаган қадимги деҳқонларнинг баҳорий удумлари, кўкламни эъзозлаш, сув, олов, тупроқ, қуёшга сиғиниш билан боғлиқ маросим ва эътиқодлари асосида пайдо бўлган умумхалқ байрамидир.

Бу байрам ерни севишга, меҳнатни қадрлашга, кўклам мўъжизаларидан лаззатланишга, ҳаётнинг боқийлигига имон келтиришга ўргатади. Наврўз эски йил тугаб, янгиси бошланадиган, деҳқон умид билан ерга барака уруғи қадайдиган, чўпон қўй-қўзиларини ям-яшил ўтлоққа ёядиган саодатли кундир. Бу кунда эзгулик тантана қилади. Бу кун - мангуликка даҳлдор.

Шарҳлар

Бу йилги Қурбон ҳайитида қўшимча дам олиш кунлари бўладими?

03.08.2019, 22:17

Президент қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда Қурбон ҳайити байрами 11 август куни кенг нишонланиши ҳақида хабар бергандик. Маълумки, аввалги Ҳайит байрамлари муносабати билан қўшимча дам олиш кунлари...
​ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАРГА ТАБРИК ЙЎЛЛАДИ

30.09.2017, 09:23

Президент Шавкат Мирзиёев 1 октябрь куни Ўзбекистонда кенг нишонланадиган Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан устозларга ўз табригини йўллади. Табрик матни ЎзАда эълон қилинди. Қадрли...
​Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида Президент қарори имзоланди

28.06.2017, 10:36

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида Президент қарори имзоланди. Президент Қарори билан Ватанимиз тарихида мутлақо янги саҳифа...
​Сурхондарёда "Бойсун баҳори" фольклор фестивали бошланди

15.05.2017, 10:53

Бойсун туманида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган “Бойсун баҳори” фольклор фестивали бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради ЎзА.Фестивалнинг...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1