1

​Сардор Мамадалиев: “Шоҳжаҳоннинг ютуғи унинг Шерали Жўраевнинг ўғли эканлигида”

ШОУ-БИЗНЕС 22.03.2017, 16:13
Теглар: Шоу-бизнес
​Сардор Мамадалиев: “Шоҳжаҳоннинг ютуғи унинг Шерали Жўраевнинг ўғли эканлигида”

Хонанда Сардор Мамадалиев “Даракчи” газетасининг “10 қалтис савол” лойиҳасида иштирок этди.

1. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файз “Хонанда ўз йўлини топиши учун аввало зўр тақлидчи бўлиши керак”, — деганди. Сиз Владимир Высоцкий, Тото Кутуньо ва Рустам Ғоиповга тақлид қиласиз. Зўр тақлидчи бўлиш қийин эканми?

— Тўғри, ҳамма ижодни тақлиддан бошлайди, мен ҳам бу жараённи четлаб ўтганим йўқ. Ҳануз ўз йўлимни излаяпман, ўз йўналишимни юз фоиз топа олдим, деёлмайман. Тинимсиз изланиш, меҳнат ва тажриба ортидан ўз “мен”имиз топилади. Масалан, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев ҳам ижоди аввалида устоз санъаткор Фахриддин Умаровга тақлид қилган. Ўз йўналишини топиши учун йиллар сарфлаган. Менга келсак, изланиб-изланиб қачондир ўз йўналишимга эга бўламан.

2. Нега машҳур қўшиқларни қайта куйлайверасиз? Муаллифлик қўшиқларини кўпайтирганингиз яхши эмасми?

— Қайта куйланган, деган фикрга қўшилмайман. Боиси аввал куйланган қўшиқларни худди ўзидек қилиб куйлаган эмасман. Шунчаки уларнинг шеърига мурожаат қилиб, ўзим куй басталаб, ўз йўналишимда куйлаганман. Масалан, “Сени бугун кўрмасам бўлмас” шеърини устоз санъаткорлар Юлдуз Усмонова, Охунжон Мадалиев ва мен ҳам қўшиқ қилганмиз. Ҳақиқат шундаки, ҳар биримиз турли йўналишда ва юрагимиз амрига кўра куйлаганмиз. Негадир фақат менинг талқинимга кўп тош отилади. Демак, муваффақиятли қўшиқ чиққандирки, ҳамманинг эътибори менда, бу ютуқ-ку (кулади). Ҳеч кимнинг тилига тушмаслик бу — фожиа.

3. Ташқи кўринишдан жуда манман, ўзига юқори баҳо берадиганга ўхшайсиз. Бу имкониятларингизга ортиқча баҳо беришмасми?

— Асло. Ташқи кўриниш алдамчи бўлади. Мен билан суҳбатлашганлар “янглишган эканман”, дея доим фикрини ўзгартирган.

4. Танқидларга жавобан “Мевали дарахтга тош отилади”, дейсиз. Танқидни тўғри қабул қилолмайсизми?

— Ўринли танқидни ҳазм қиламан. Масалан, илк концерт дастуримда учтагина қўшиқни жонли ижрода куйлаганман. “Нега жонли куйламадинг?” деб танқид қилишди. Қабул қилдим ва кейингиларида битта “блок” тўлиқ жонли куйлайдиган бўлдим. “Нега фалончи хонанданинг қўшиғини куйладингиз?” деган танқидни қабул қилолмайман. Ойлаб, йиллаб мусиқа басталаб, муаллифлик қўшиқ куйласаму, тош отилаверади. Ўша қўшиқларим “хит” даражасига етди ҳам. Лекин “Бу Охунжон Мадалиевнинг қўшиғи-ку”, дейишади. Тўғри, мендан аввал ижро қилишган, бироқ мени йўналишим бошқа-ку. Мусиқий билими борлар ҳам шундай деб тургандан кейин нима дейишимни ҳам билмай қоламан.

5. Дўстингиз — хонанда Қиличбек Мадалиев билан муносабатларингиз совуқлашишига нима сабаб бўлди?

— Қилич ғийбат қиладиган йигит эмасди, ҳайронман. Юз фоиз аминманки, дўстим кимнидир фикрига қулоқ тутиб, “Отамнинг қўшиқларини куйлаяпти”, мазмунидаги “арзон” гапларни гапириб юрибди. Орқадаги одам олдиндагисига тош отади, аксинча эмас. Демак, олдиндаман, бундан хурсанд бўлиш керак.

6. Нима учун кўпчилик имиджингизни қабул қилолмайди?

— Мода ортидан қувадиган инсон эмасман. Хонандаман, қўшиғимнигина қабул қилишсин. Ташқи кўринишимни қабул қилиш ё қилмасликлари менга мутлақо қизиқ эмас. Кийинишим эмас, қўшиқларим учун мухлислик қилишсин. Кийинишни жойига қўйиб, қўшиқ куйлашни билмаслик кулгили ҳолат, акси бўлса айбмас. “Усти ялтироқ, ичи қалтироқ” бўлгим келмайди.

7. Шоҳжаҳон Жўраев, Ботир Қодиров, Аслбек Неъматов ва Сардор Мамадалиевнинг ижоддаги ўхшаш ва устун жиҳатлари нимада?

— Ўхшаш жиҳатимиз, ҳаммамизнинг овозимиз бас-баритон. Лекин барчамизнинг ўз дунёқараш, дард ва “юрагимиз” бор. Аслбек рақс тушиб, қўшиқ куйлай олади. Шоҳжаҳоннинг ютуғи Шерали Жўраевнинг ўғли эканида. Ботир аканинг ютуғи, зўр ижрочи. Номлари саналган хонандалар орасидан айнан Ботир Қодировнинг мухлисиман, “юраги” бор, қўшиқнинг ичида “яшайди”. Жонли ижрода куйлаш борасида ҳам Ботир акани устун қўяман. Ўзимга келсак, Высоцкийга ўхшаш овозни қириб қўшиқ куйлашим янгилик бўлди. Масалан, 2011 йил “Сени ҳеч ким севолмайди менингдек” қўшиғим жуда катта муваффақият олиб келган. Ўша йили яккахон концерт дастуримни ўтказганман, қўшни давлатларда гастролларда бўлганман. Ижоддаги топилмам ортидан омад кулган. Бунга қадар куйлаган қўшиқларим эътиборсиз қолавергани ҳам сўзим исботи.

8. Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова “Қарсак меҳнатимиз учун чалинади, ўзимизга эмас! Овоз ҳам пичоққа ўхшаган “мусиқа асбоби”. Чархлаб турмаса, ўтмас пичоқдан фарқи қолмайди”, — деганди. Усмонова 30 йилдан буён саҳнада, бироқ ҳалигача сольфеджио, вокалдан дарс олади. Сиз-чи?

— Юлдуз Усмонова ҳақиқий санъаткор, шу боис профессионалликдан келиб чиқиб, иш тутади. Вокалга коллежда ўқиб юрган вақтимда ҳам қизиқмаганман. Асли йўқ нарсани бор қилиб бўлмайди-да. Вокалга ишим тушмаган, балки эҳтиёжим бўлмагандир. Доимий жонли ижро куйлаганимнинг ўзи мен учун — вокал дарси. Тўй мавсуми бўлмаган пайт, студияда қўшиқ куйлайман. Остона ҳатлаб, уйга кирганимда ҳам энг аввал қиладиган ишим — қўлимга гитара ё торни олиб, қўшиқ куйлаш, йўқса хуморим босилмайди.

9. Хонанда сифатида халқ хизматчисимисиз ё чироқдек ёниб турадиган “юлдуз” даражасига етдингизми?

— Озми-кўпми мухлисига эга барча санъаткорлар “юлдуз”. Бундай бўлмаганида халқ хизматларга чақирмаган бўларди. Фақат ҳамманинг “юлдуз”лик борасидаги ўз ўлчамлари бор. Лекин ўзимнинг катта ё кичик “юлдуз” эканимни билмайман (кулади).

Қиличбек Мадалиев, хонанда

— Йигит киши берган ваъдасини бажариши лозимми ё қандайдир баҳоналар билан уни четлаб ўтиши керакми?

— Устозимнинг фарзанди бўлганингиз учун ҳам кўпроқ ҳурмат қиламан, яхши йигитсиз. Саволга келсак, сизга ваъда берган эмасман. Чунки отангизнинг бирорта қўшиғини бузиб эмас, ўз талқинимда куйлаяпман. Кимларгадир қулоқ тутиб, нотўғри фикр билдириб юрибсиз. Бошқаларнинг фикри билан эмас, ўзингизники билан яшасангиз ютуқларга эришасиз. Бу ака сифатидаги маслаҳатим, холос. Биз санъаткорлар гўзалликка шайдо инсонмиз, ундай “арзон” гап-сўзлар сиз билан менга ярашмайди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Зохиршоҳ Жўраев Ботир Қодиров унинг акаси экани ҳақидаги миш-мишларга нуқта қўйди (видео)

06.11.2019, 12:06

Зохиршоҳ Жўраев "Миллий" телеканалининг "Нишондасиз" кўрсатувида иштирок этиб, оилавий миш-мишларга нуқта қўйди...Кўрсатув давомида бошловчи Зохиршоҳдан Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг фарзанди экани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритишини...
​СИТОРА АЛИМЖОНОВА ШАХСИЙ ҲАЁТИНИ МУҲОКАМА ҚИЛГАНЛАРГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРДИ

14.08.2017, 12:34

Актриса Ситора Алимжонова 8 август куни турмушга чиқди. Унинг тўйи Таиланднинг Пхукет оролида бўлиб ўтди.Ситора ўз интервьюларида турмуш ўртоғининг 27 ёшда эканлигини ва у тадбиркорлик...
​ДИЛНОЗА КУБАЕВА: «ДИЛОЗОРЛИКДАН ҚЎРҚАМАН, ҚАЛБИМНИ СИНДИРГАНЛАР КЎП...»

20.07.2017, 16:31

У иродали аёл. Табассуми ортига яширилган ҳақиқатларни ўзгаларга билдирмайди. Гоҳида кўзлари ёшланиб, киприкларига енгил титроқ кириши мумкин, аммо шунда ҳам ўзида куч топиб, яна табассум...
​“ЎЗБЕККОНЦЕРТ” ИЛК БОР ОЧИҚ БАДИИЙ КЕНГАШ ТАШКИЛ ЭТМОҚДА

12.07.2017, 21:32

Эндиликда хонандалар “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига қўшиқларни жонли ижрода куйлаш орқали тақдим этадилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига лицензия олиш тартиби юзасидан турли савол ва таклифлар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1