1

​Дунёда меҳр-мурувватли инсонлар кўплигини исботловчи воқеалар

ДУНЁ 28.03.2017, 10:06
​Дунёда меҳр-мурувватли инсонлар кўплигини исботловчи воқеалар

Нотинчликка, турли воқеа-ҳодисаларга бой, беқарор замонамизда баъзи бир одамларнинг ҳаракатлари ҳақиқатан ҳам таҳсинга сазовордир, деб хабар берди “Kp.ru/daily” нашри.

Уларнинг эзгу амаллари атрофидаги инсонларни ҳам яхшилик қилишга ундайди. Ҳар куни урушлар, кризислар, табиий офатлар, терактлар ҳақидаги хабарлар энг оптимист одамни ҳам тушкунликка тушириб қўяди. Аммо шунча негативга қарамай, бағрикенг, оқкўнгил инсонлар ҳақидаги ҳикоялар кайфиятингизни кўтариб, ҳар қандай шароитда ҳам инсон инсонлигича қолиши мумкинлигини исботлайди. Қуйида сизни ана шундай инсонлар билан таништирамиз.


Ҳаётини хавф остига қўйиб, болани ЙТҲдан қутгарган собиқ полициячи

Бу воқеа Россиянинг Урал ўлкасида содир бўлди. Илгари ЙҲХБ да ишлаган собиқ полициячи рафиқаси билан бозор-ўчар қилишга кетаётганда йўлнинг ўртасида турган уч ёшли қизчага кўзи тушди. Сергей Фролов (қаҳрамонимизнинг исми-шарифи шундай) дарров тормозни босиб, қўрқувдан қотиб турган қизчани қутқариш учун ўзини “ГАЗел” машинасининг тагига ташлади. Агар яна бир неча сония кеч қолганда қизалоқ автомобиль ғилдираклари тагида қолган бўларди... Яхшиямки, у болани қўлига олиб, йўл четига сакради, оқибатда ҳеч ким жабрланмади. Ҳаммаси яхшилик билан якунланди, Сергей Фролов қутқарган қизча Веранинг онаси топилди. Сергей эса қизчага зиён-заҳмат етмаганидан жуда ҳам мамнун бўлди.


Ортиқча бериб юборилган 200 минг рублни банкка қайтарган йигит

Бу воқеа Челябинск шаҳрида содир бўлди. Мазкур шаҳарда яшовчи Артём Михеевга банк ходими 200 минг рубль бериш ўрнига адашиб, 400 минг рубль бериб юборди. Артём пулни санаб кўрмай, уйига йўл олди. Уйга келганда эса кассир унга 200 минг рубль ўрнига 400 минг рубль берганини кўрди. У ҳеч иккиланмай орқага қайтиб, “Бировнинг ҳақи керак эмас”, деганча ортиқча бериб юборилган маблағни банк ходимига қайтариб берди. Қани энди ҳамма шу тамойил билан яшаганда эди...


Болаларга қорда расм чизишни ўргатувчи фаррош

Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган одам машҳур артист, таниқли ёзувчи ёки пули кўп бизнесмен эмас, балки оддий фаррошдир. Удмуртиянинг Ижевск шаҳрида яшовчи 53 ёшли Семён Бухарин ижевсклик мактаб ўқувчиларига супургиси билан қорга ажойиб суратлар чизиб беради. Болалар унинг ижод намуналарини жуда қадрлашади. Улар қорга чизилган расмларни суратга тушириб, ижтимоий тармоқларга жойлаштиришади. Фаррошнинг суратларидан ҳайратга тушган мактаб маъмурияти байрамларда мактаб биносини безаш ишларини унга ишониб топширди.


Ўқувчилар чўкаётган эркакни қутқаришди

Астраханлик, саккизинчи синф ўқувчилари Миша Лазарев, Саша Зоткин ва Данила Кузнецовлар ҳақиқий эркак бўлиб вояга етаётганликларини ўтган йилнинг қишида исботлашди. Улар канал бўйлаб кетаётганда, ёрдам сўраб қичқираётган одам овозини эшитишди. Музлаган каналга чўкаётган одамга кўзлари тушгач, бир-бирининг қўлидан тутиб, уни қутқаришди. Тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар, чўккан одамнинг пойабзалини ечиб, қўл- оёғини иситишга ҳаракат қилишди. Эркакнинг устига эса ўзларининг кийимини ечиб, ёпишган. Улар ўзларининг бу ҳаракати билан эркакни совуқ уришдан асраб қолишди. Болаларга ўзлари ўқиётган мактаб маъмурияти миннатдорчилик билдирди. Ёш қаҳрамонлардан бири “Бизнинг ўрнимиздаги ҳар қандай одам шундай йўл тутган бўларди”, деб жавоб берди.


Қочоқларни бепул ташиган ҳайдовчи

Волгоградлик Усуб Кочоян аллақачон ижтимоий тармоқларда машҳур бўлишга улгурган. Бундан уч йил илгари у ўзининг иш тартиби билан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг меҳрига сазовор бўлган эди. Усуб хушмуомала йўловчилар учун чегирмалар ташкил этди. Маршрут таксига ўтирган йўловчи саломлашса 5 рублни, табассум қилса 10 рублни чегирма қилди. Ҳомиладор аёллар, ҳарбий аскарлар, имтиҳонни “аъло” баҳоларга топширган олий ўқув юрти талабалари, туғилган куни бўлаётган одам эса Усубнинг машинасида бепул ўз манзилига етиш ҳуқуқига эга. Украинада бўлаётган уруш туфайли Волгоградга қочиб келган муҳожирлар учун ҳам имтиёз яратиб, уларга ҳам бепул хизмат қилди. “Агар кимгадир яхшилик қилсангиз у сизга минг баробар бўлиб қайтади”, дейди Усуб унинг ишидан ҳайратланган одамларга қарата.


Дайди ўзига берилган садақага муҳтожлар учун егулик сотиб олди

Нафақат Россияда, балки чет мамлакатларда ҳам қалбингизни ларзага келтирувчи воқеалар содир бўлади. Масалан, Калифорниянинг Оранж округида ўтган йилнинг декабрь ойида шундай воқеа рўй берди. Видеоблогер дайди одамга 100 доллар ҳадя этиб, “барибир бу пулга спиртли ичимлик олиб ичса керак”, деган хаёлга борди. У бўлиб ўтган воқеани видеога олиб, ҳайратдан ёқа ушлади. Дайди видеоблогердан олган пулининг ҳаммасига егулик сотиб олиб, хиёбонда ўтирган муҳтож ва камбағалларга улашди. Бу воқеа “экспериметчи видеоблогер”га шунчалик қаттиқ таъсир этдики, у дайдининг олдига бориб, қилмиши учун узр сўради.


11 минг доллар “чойчақа” олган официант

Бу воқеа Американинг Аризона штатидаги Феникс шаҳрида содир бўлди. Ресторанга ташриф буюрган одам официант учун 11 минг доллар “чойчақа” берди. У исми-шарифини яширган ҳолда официантга иккита чек қолдирди. Чеклардан бирига эса “Яратганнинг номи ила...” деб имзо чекди.


Энг охирги пулини талаба қизга ҳадя этган дайди

Ўтган йилнинг декабрь ойида Буюк Британияда ажойиб воқеа юз берди. Дайди эркак банк картасини йўқотиб қўйиб, уйига кетолмай, кечга қолган 22 ёшли талаба қизга сўнгги пулларини ҳадя қилди. Унинг бу иши Доминик Гаррисон-Бетсон (талаба қизда) катта таассурот қолдирди ва дайдига ёрдам бермоқчи бўлди. У ўзининг Facebook саҳифасида мазкур воқеа ҳақида ҳикоя қилди ва дайди учун хайрия пули йиғди. Чунки дайди эркакнинг на уйи, на иши бор эди. Оддийгина уйда яшаш учун ҳам олдиндан маълум миқдорда пул тўлаш лозим, бу маблағ эса унда йўқ эди. Доминик эса ижтимоий тармоқлар орқали дайди эркак учун 12,5 минг фунт маблағ йиғди. Бу бағрикенг дайди эркакнинг янги ҳаёт бошлаши учун айнан зарур бўлган пул миқдори эди.

Ҳа, яхшилик бумерангни эслатади, сен бирни берсанг, берганинг минг бўлиб қайтади. Келинг, кўнглимизни, феълимизни кенгроқ қилайлик, қўлимиздан келгача, бир-биримизга ёрдам берайлик...

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1