2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори имзоланди. Қарорнинг тўлиқ матни ЎзАда келтирилди.
Кейинги йилларда республиканинг фаолият кўрсатаётган деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари ҳудудларида бир қатор қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиши туфайли сотувчи ва харидорлар учун қулай шароитлар яратилиб, санитария ҳолатини яхшилаш, жамоат тартибини сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида ижобий натижаларга эришилди.
Шу билан бирга, жорий вазиятнинг таҳлили олиб борилган ишларга қарамасдан, аксарият деҳқон бозорларида хавфсизлик чоралари, хусусан, бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлиги талаблари, санитария қоидалари ва нормалари, гигиена нормативлари тўлиқ инобатга олинмаганлигини, шунингдек, бозор ҳудудларига яқин масофаларда жойлашган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари етишмаслиги каби ҳолатлар сотувчи ва харидорлар учун муайян ноқулайликлар туғдираётганлигини кўрсатди.
Қарор деҳқон бозорларининг мамлакат иқтисодиётидаги, аҳолининг кундалик ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб ҳамда харидорлар учун қулай шароитлар яратиш, савдони ташкил этиш соҳасида замонавий талабларга мувофиқ савдо хизмати кўрсатишнинг илғор тажрибаси ва юксак маданиятини кенг тарғиб қилиш ва изчил жорий этиш, мавжуд деҳқон бозорларини шарқона ва миллий меъморчилик анъаналарини ҳисобга олган ҳолда замонавий савдо мажмуалари тарзида мукаммал реконструкция қилиш мақсадида имзоланди.
Қарорда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан республика ҳудудлари бўйича аҳоли сонини, мавжуд деҳқон бозорларининг аҳоли пунктларига нисбатан жойлашув масофасини ҳисобга олган ҳолда тўрт типдаги гипермаркет, супермаркет ва минимаркетлар кўринишидаги, шунингдек, уларга туташ майдонларда барпо этиладиган сэндвич-панеллардан кенг фойдаланилган енгил конструкцияли, вақтинчалик йиғма павильонлардан иборат замонавий савдо мажмуаларининг (кейинги ўринларда замонавий савдо мажмуалари деб аталади) намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Қарорга кўра, 2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастури ишлаб чиқилди ҳамда дастурни амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий ишчи комиссияларнинг намунавий таркиби тасдиқланди.
Мазкур комиссияга Дастур сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда 2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорлари ҳудудида қуриладиган замонавий савдо мажмуаларини манзилли жойлаштириш, Дастурнинг бажарилиши тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот бериш вазифалари юкланди.