Агар инсонпарварлик ёрдами кўрсатилмаса, Нигерия, Сомали, Жанубий Судан ва Яманда яшовчи 1,4 миллион бола очликдан вафот этиши мумкин, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.
БМТнинг ЮНИСЕФ болалар жамғармаси юқоридаги маълумотларни бериб, мазкур болаларни ўлимдан қутқариш учун 225 миллион доллар пул ажратишни сўради. “Бу 2017 йилнинг яқин кунларида зарур бўлган маблағнинг озгина қисмидир. Бу маблағ ўтган йилгидан 50 фоиз кўп бўлиб, 712 миллион долларни ташкил этади”, - деб маълумот берди БМТ раҳбарининг матбуот котиби ўринбосари Фархан Хак.
Ташкилот ўз баёнотида очлик, қурғоқчилик, турли низолар авж олган мамлакатларда яшовчи миллионлаб болалар тўйиб овқат емаслиги, улар орасида бемор болаларнинг кўплиги, уй-жойи йўқлиги, мактабга бормаслиги ҳақидаги маълумотларни келтирди. ЮНИСЕФ ўтмиш сабоқларидан хулоса чиқаришга чақириб, 2011 йилда Сомалида расман очарчилик эълон қилингунга қадар ҳалок бўлган болаларни мисол келтирди. “Халқаро ҳамжамият мазкур хатони қайта такрорламаслиги лозим”, деб таъкидлади болалар жамғармаси.