Австралиялик Бьянка Дикинсон (Bianca Dickinson) Facebook саҳифасига заҳарли илоннинг олдида турган қизчаси Моллининг фотосуратини жойлаштирди, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.
Дикинсоннинг айтишича, Австралиянинг Канива шаҳри учун илонлар янгилик эмас. У икки ёшли қизчасини болалар кийими бренди учун табиат қўйнида суратга туширишга қарор қилди. Аёл съёмка жараёнида фарзандининг оёғи тагида илон турганига аҳамият берди. Бундан қўрқиб кетган она боласини хавфсиз жойга олиш ҳақида ўйлаётганда, илон судралиб ўз йўлида давом этди.
Фотосуратларни тартибга келтирган Дикинсон қўрқинли лаҳза акс этган суратни кўрди. Суратга изоҳ берган фойдаланувчилар бундай вазиятда саросимага тушиб қолишлари ҳақида ёзишган бўлса, баъзилари инсон илонга тегинмаса унинг чақмаслигини айтишган. Дикинсоннинг пости 23 мингта лайк ва деярли ўн мингта репост тўплади.