4 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзолангани ҳақида аввалроқ хабар бергандик.
Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Тошкент шаҳрида 2017 йил 9 май соат 21.00 да байрам салютини ташкил қилиш топширилган.
Шунингдек қарорда ўтказиладиган байрам тадбирлари ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудида истиқомат қилувчи 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари вакилларини Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган маросимларга темир йўл ёки автомобиль транспортида келиб-кетиши, меҳмонхоналарда жойлашиши, овқатланиши, маданий ҳордиқ чиқариши ҳамда зарур ҳолларда кийим-кечак билан таъминланиши кўзда тутилган.