Ҳиндистон телевидениесидаги жонли эфирда янгиликлар кўрсатувини олиб борувчи телебошловчи ўзи билмаган ҳолда эрининг ўлими ҳақидаги хабарни ўқиди, деб маълум қилди Tjournal.ru нашри.
IBC24 телеканалида янгиликлар кўрсатувини олиб борувчи 28 ёшли телебошловчи Суприт Каур йўл-транспорти ҳодисаси оқибатида уч киши ҳалок бўлгани ва икки киши яралангани ҳақидаги хабарни ўқиди. Ўша пайтда ҳалок бўлганлар орасида эри ҳам борлигидан у бехабар эди.
Кейинроқ телеканал мухбири жонли эфирга қўнғироқ қилиб, ЙТҲ Чаттисгарх штатидаги Махасамунд туманида Renault Duster русумли автомашина иштирокида рўй берганлигини маълум қилди. Шунда Каур айнан шу русумдаги автомашинани бошқарадиган турмуш ўртоғи ҳақида гап кетаётганлигини англади.
Жонли эфир вақти тугагандан кейин Каур мухбирга қўнғироқ қилиб, ЙТҲда жабрланганларнинг исм-фамилиясини сўради. Уч нафар ҳалок бўлган одамлар орасида унинг турмуш ўртоғи Харсад Кавада ҳам борлигини эшитиб, эсанкираб қолди. Каур ва Кавада бир йил илгари турмуш қурган эди.
Ҳиндистоннинг IBC24 телеканали 2008 йилда ташкил этилган бўлиб, сутка давомида тўхтамай, Чхаттисгарх ва Мадхья-Прадеш штатларидаги янгиликларни ёритади, Ҳиндистонда ҳинд ва инглиз тиллари давлат тили ҳисоблангани боис, аксарият кўрсатувлар икки тилда олиб борилади. IBC24 телеканали кўрсатувлари эса ҳиндий ва чхаттисгархи тилларида намойиш этилади.