Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш мақсадида “GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларни навбатсиз шартномавий буюртма бериш орқали харид қилиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Молия вазирликлари ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан ҳудудий тақсимоти бўйича шаклланган Иккинчи жаҳон уруш фахрийларининг тўлиқ рўйхати ‘GM Uzbekistan’ АЖга тақдим этилди. “GM Uzbekistan” АЖ ҳар бир уруш фахрийси номига бериладиган имтиёзли сертификат ишлаб чиқарган. Сертификатлар Иккинчи жаҳон уруш фахрийларига «Нуроний» жамғармаси ва туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимлари мутасадди ходимлари ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида тарқатилади. Сертификатларни топшириш чоғида ҳар бир уруш фахрийсига бериладиган имтиёз шартлари, амалга ошириш тартиби тўлиқ тушунтирилади”— дейди “Самарқандавтотеххизмат” МЧЖ бошқаруви раиси Акбар Аҳтамов.
Сертификатда кўрсатилган имтиёз асосида сотиб олинган автомобилга биринчи ва иккинчи техник хизмат кўрсатиш жамиятимиз томонидан бепул амалга оширилади. Имтиёз бир марталик ҳисобланиб, 2017 йил 31 декабргача амал қилади.
Навбатсиз шартномавий буюртма тузиш ҳуқуқи берилган сертификат эгалари буни қандай амалга оширадилар, деган савол туғилади.
Ногиронлиги ва касаллиги туфайли уруш фахрийсининг автомобиль олишга шартнома тузиш учун имконияти бўлмаган тақдирда унинг навбатсиз олиш имтиёзи фахрийнинг ўз розилик аризаси билан бевосита қариндоши ёки қаровчисига фахрийнинг яшаш манзилдаги маҳаллий фуқаролик органлари, маҳалла қўмитаси томонидан тақдим этилган маълумотнома асосида тузилиши мумкин.
Шартномавий буюртма тузиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
Паспорт, 1941-1945 йилларда уруш қатнашчиси эканлиги, ногиронлиги тўғрисида гувоҳнома, имтиёзли сертификат.
Тўлов ХПК, сўмлик пластик карта орқали ёки нақд пул топшириш йўли билан амалга оширилади.