АҚШнинг Калифорния штатидаги Фресно шаҳрида рўй берган отишма оқибатида уч киши қурбон бўлди, деб хабар берди Ria.ru нашри.
Шаҳар полициясининг шефи Жерри Дайернинг маълумот беришича, мазкур отишманинг террорчиликка алоқаси йўқ, чунки у ирқчилик, айирмачилик оқибатида содир бўлган.
Қора танли, 39 ёшли Қори Али Муҳаммад Фресно шаҳри марказида “Алоҳу акбар”, деб бақириб, тўрт нафар одамга қарата ўқ узди. Уч киши ҳалок бўлди, бир кишига ўқ тегмади. Полиция уни қўлга олди. Ҳалок бўлганлар 34 ёшдан 54 ёшгача бўлган оқ танли одамлардир. Қори Али Муҳаммад сўроқ қилинганда, оқ танли одамлардан нафратланишини билдирди. У қамоққа олинди. Шу билан бирга, Қори Али Муҳаммад шаҳардаги мотеллардан биридаги қўриқчининг ўлдирилишида ҳам гумон қилинмоқда.
Дайернинг маълумот беришича, гумондор жиноятчи сифатида қидирилаётганини билгандан кейин яна ҳам кўпроқ одам ўлдиришга ҳаракат қилган. Полиция бошлиғи отишма ирқчилик оқибатида содир бўлганлигини яна бир бор таъкидлади.