1

​Гулсанам Мамазоитова ўзига Озодбек Назарбековдан бошқа муносиб дуэтдош кимлигини айтди

ШОУ-БИЗНЕС 01.05.2017, 16:43
Теглар: ​Гулсанам Мамазоитова
​Гулсанам Мамазоитова ўзига Озодбек Назарбековдан бошқа муносиб дуэтдош кимлигини айтди

улсанам Мамазоитовага Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековдан бошқа муносиб дуэтдош...

“Даракчи” газетасининг “10 қалтис савол” лойиҳасининг галдаги қаҳрамони санъатда ўз ўрни ва “мен”ига эга ижодкор, Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам МАМАЗОИТОВА...

1. Ўзбекистон халқ артисти Маъмура Эргашева ва Суғдиёна Исроиловадан таҳсил олгансиз. Фарғонадаги санъат коллежида ўқиб юрган кезларингиз, рақс гуруҳингиз ҳам бўлган. Нега рақс санъатини профессионал даражада давом эттирмагансиз?

— Қўшиқ куйлашни эрта бошлаганим учун ўсмирликка ўтиш вақтида овоз ўзгариш — мутация вақти бўлган. Бу даврда вақтинча қўшиқ куйламаслик керак. “Бўш қолмасин”, деган мақсадда онам мени рақс тўгарагига берганлар. Уч-тўрт йил рақс билан шуғулландим, устоз кўрдим. Рақс билан профессионал шуғулланиш истаги бўлмаган, бўш вақтни тўлдириш учун хизмат қилган, холос.

2. Кўплаб хонандалар “Ажаб-ажаб”, “Хоразмнинг лазгиси” каби қўшиқларингизни тўйларда куйлашади. Сиз-чи, ҳамкасбларингизнинг қўшиғини куйлашни ўзингизга эп кўрасизми?

— Асосан устоз санъаткорлар томонидан ижро этилган классик, халқона йўналишдаги қўшиқларни куйлайман. Агар замондош ҳамкасбларимнинг севиб тингланадиган қўшиқларидан сўрашса, имкон борича куйлаб бераман.

3. Сизнингча, йиллар ўтиб, Гулсанам

Мамазоитова қайси қўшиғи билан тарихда қоларкин?

— Ватанпарварлик мавзусидаги, фольклор йўналишдаги ва албатта, сокин қўшиқларим эсда қолишига умид қиламан. Чунки мухлислар бу қўшиқларимни севиб тинглаганига кўп бор гувоҳ бўлганман.

4. “Дунё “юлдуз”лари, устозларнинг ўғирланмаган қўшиқларини тинглаб, улғайганман”, дегандингиз. Ёшларбоп йўналишдаги “Алдама мани” қўшиғингиз илиқ қарши олинди. Бироқ клипмейкерлар сизни алда­ган­­ кўринади? Арабистонлик машҳур хонанда Saad Lamjarredнинг “Lamaallem” қўшиғи клипини шундоққина кўчириб беришган...

— Тўғри, қўшиқ эмас, клип ўғирланган. Аслида шу клипга ўхшашини ўзим истаганман. Сабаби, интернет орқали кўп кўрилган клип бўлганлиги, қолаверса, ранглар уйғунлиги, кўтаринки кайфият бахш эта оладиган бўлгани учун “Муаллим” клипини кўчирдик.

5. “Жонли ижрода куйлаш қаҳрамонлик эмас”, дейишади. Аммо, жонли ижрода концерт беришингиз эътирофга лойиқ. Бу қарорга келишингиз “Ўзбекистон халқ артисти” унвонининг “юк”и босганиданмасми?

— Албатта! Меҳнатинг эътироф этилиб, берилган юксак мукофот учун, албатта, муносиб жавоб ҳам бера олиш керак. Давлат мукофотининг масъулияти жуда катта. Бу ишончни оқлаш учун умримизнинг охиригача нафақат жонли ижрода куйлаш, жонни фидо қилиш ҳам кам.

6. “Ҳаётда калондимоғ бўлгандан, саҳнада шундай кўринган яхши”, дегандингиз. Бу мухлисларни­ сизга бўлган ихлосини сўндириб қўймасмикан? “Мух­лисларга кераксиз бўлиб, назардан қолишдан қўр­қа­ман”, дегандингиз ахир...

— Йўқ, ихлос сўнмайди, менимча. Боиси, томошабинларимиз жуда маданиятли. Саҳнанинг ўз қонун-қоидаси, мажбуриятлари борлигини тушунишади. Шунингдек, айрим ҳамкасбларимнинг саҳнадаги самимийлиги, табассуми, бу — ниқоб. Улар ҳаётда мутлақо бошқа одам. Ҳатто, баъзида ўзимнинг юзимга бошқа, орқамдан бошқа гап айтишганига гувоҳ бўлганман. Сиз таъкидлаган фикрни шуни инобатга олган ҳолда айтганман, бошқа маънода эмас.

7. Гулсанам Мамазоитовага Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековдан бошқа муносиб дуэтдош...

— Акам Отабек Муҳаммадзоҳид!

8. “Юлдузча” кўрсатувидаги ҳайъат аъзоларининг иштирокчи болаларга кескин жавоб қайтариши ижтимоий тармоқларда яхшигина муҳокамаларга сабаб бўлди. Сиз ҳам ҳайъат аъзоларидан бири эдингиз...

— Тўғри. Устозлар томонидан берилган таърифлар бу шунчаки гап эмасди. Санъат жуда мураккаб соҳа. Юксак иқтидор ва маҳорат талаб этилади. Кескин фикрлар шу тарафларни инобатга олган ҳолда айтилган.

9. Бир ҳамкасбингизнинг сизга нисбатан танқиди ҳам мухлислар диққат марказида бўлганди. Сиз томондан муносиб тарзда берилган жавоб, “Биров сиздан камчилик излаб, дилингизга озор етказмоқчи бўлса, хурсанд бўлинг. Демак, сиз ундан омадлисиз”, деган гапингиз исботидир-а?

— Танқидни қабул қиламан, агар у ўринли бўлса.

10. Махсус савол! Фарҳод Саидов, “Сарбон” гуруҳи яккахони

— Рок йўналишидаги қўшиқчи бўлганингизда ўзингизни қандай кў­ри­нишда тасаввур қи­лар­дин­гиз?

— Миллий матодан тикилган рокерлар либосида якка-ю ягона бўлиб, рок куйлардим (мириқиб кулади).

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.

Шарҳлар

Узоқ кутилган ҳолат...

20.03.2018, 15:02

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг 15 кунлик концерт дастури бошланганидан хабарингиз бор...Концертнинг 19 март кунига эса кўпгина санъаткорлар таъшриф буюриши билан янада файзли ўтди. Ҳаммани...
​ГУЛСАНАМ МАМАЗОИТОВАДАН МУНГЛИ СЕВГИ ҚИССАСИ(ВИДЕО)

12.07.2017, 13:49

Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова уйғур қўшиқчиси Мўмин Абликим билан дуэт ижро этган ҳақида хабар берган эдик. Ваниҳоят икки ижодкорнинг янги ижод намунаси тайёр бўлди...
​Гулсанам Мамазоитова таниқли хитойлик хонанда билан дуэт куйлади

27.04.2017, 10:21

Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова мухлислари эътиборига янги қўшиғига ишланган дуэтини тақдим этиш арафасида. “Севгилим” деб номланган мазкур тарона таниқли уйғур қўшиқчиси Мўминжон Абликим билан...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1