Волгоград вилояти терговчилари икки нафар боланинг ўлими юзасидан тергов ишларини олиб бормоқда, деб хабар берди Vesti.ru нашри.
Волжский шаҳридаги уйлардан бирида уларнинг жасади топилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, уйга ҳашаротларга қарши заҳарли дори сепилган. Заҳарли дори тушган сутли бўтқани нонуштада истеъмол қилган бир ярим ёшли ўғил бола ва тўрт ойлик қизча оламдан ўтган. Болаларнинг онаси уларни овқатлантириб бўлгач, ухлашга ётқизган, улар уйқудан уйғонмагандан кейин вафот этгани маълум бўлган.
Воқеа жойини кўздан кечирган терговчилар электр конфорка ва ёғоч тумбочка устидан, қошиқ ва идишлардан, болалар шишачаларидан ҳам номаълум модда кукунини топишди. Болаларнинг жасади текшириш учун суд-тиббиёт экспертизасига юборилди.