Хат муаллифи қамоқхонада Америкадаги “қўй ва чўчқа”лардан ҳам хароб аҳволда яшаётганлигини маълум қилган, деб хабар берди Tjournal.ru нашри.
АҚШнинг Аризона штатидаги Сиерра Виста шаҳрида яшовчи Лора Уоллес (Laura Wallace) қайнонаси сотиб олган янги сумка ичидан “хитойлик маҳбус”нинг хатини топиб олганлигини маълум қилди. Хат муаллифи Хитой қамоқхоналаридаги одам яшаб бўлмайдиган шароит ва оғир меҳнатдан шикоят қилган.
Уоллес мазкур сумкани Walmart тармоғига тегишли маҳаллий дўкондан сотиб олган. У сумкани очиб кўрганда, ичидан хитой тилида ёзилган хатни топган. Аёл танишидан мактубни таржима қилиб беришни илтимос қилган. Унда Хитойнинг Гуанси туманидаги қамоқхонада сақланаётган маҳбуслар ҳаёти ҳақида ёзилган. Мактуб муаллифи Америкада яшовчи “от, сигир ва чўчқалар”дан ҳам ёмон аҳволда яшаётганлигини, суткасига дам олмасдан 14 соат ишлаётганлигини, шу вақт мобайнида ўз ишини тугаллай олмаган маҳбуслар калтакланишини баён қилган.
“Овқатнинг ёғи ва тузи йўқ. Босс ҳар ойда маҳбусларга 2 минг юан тўлайди, агар маҳбус касал бўладиган бўлса, дори-дармон учун сарфланган пул ойлигидан олиб қолинади. Хитойлик ҳар бир маҳбус Америкада яшовчи от, сигир, қўй, чўчқа ёки итдан ёмон шаротида яшайди”, дейилган сумкадан топилган мактубда.
Хатни топиб аёл мактуб муаллифига ёрдам бериш мақсадида мазкур хат ҳақида ОАВ вакилларига сўзлаб берди ва бўлган воқеа юзасидан Walmart тармоғи дўконини айбламаётганлигини билдирди. Уоллес хатни хитой тилини биладиган яна икки кишига кўрсатди, улар ҳам юқоридаги таржиманинг тўғрилигини тасдиқлашди.