АсосийDunyo

Johnson & Johnson компанияси саратонга чалинган америкалик аёлга 110 миллион доллар тўлайдиган бўлди

'Johnson & Johnson компанияси саратонга чалинган америкалик аёлга 110 миллион доллар тўлайдиган бўлди'ning rasmi

АҚШнинг Миссури штатидаги Сент-Луис шаҳар суди Johnson & Johnson холдинг компаниясининг маҳсулотидан фойдаланиб, саратонга чалинган аёлга компания томонидан 110 миллион доллар товон пули тўлашга ҳукм чиқарди, деб хабар берди Ria.ru нашри.

Виржиния штатида яшовчи аёл 40 йил мобайнида мазкур компаниянинг упали талкидан фойдаланиб келган. 2012 йилда унга тухумдонлар саратони ташхиси қўйилган, яқинда эса метастаза таъсирида жигари ишдан чиққан. Айни пайтда у кимётерапия қабул қилмоқда. Аёл саратонга чалинишига айнан Johnson & Johnson компаниясининг маҳсулоти сабаб бўлган, деб ҳисобламоқда.

Компания эса улар ишлаб чиқарган маҳсулотлар безарарлигини исботлашга ҳаракат қилди. Компания саратонга чалинган аёлнинг дардига ҳамдардлигини билдириб, суд ҳукмидан норози бўлгани ҳақида шикоят аризаси бериши ҳақида маълум қилди.

Суд ҳукмига биноан мазкур компания тўлаши лозим бўлган 110 миллион доллар унинг тарихидаги энг рекорд даражадаги товон пулидир. Шу пайтгача компанияга нисбатан 2,4 минг маротаба шикоят аризаси тушган. Ўтган йилнинг февраль ойида суд тухумдон саратонидан вафот этган аёлнинг оиласига 72 миллион доллар товон пули тўлаш ҳақида компанияга нисбатан ҳукм чиқарган эди. Орадан кўп ўтмай, яна бир саратонга чалинган аёлнинг шикоятига биноан суд Johnson & Johnson компаниясини 55 миллион доллар товон пули тўлашга ҳукм қилган эди.

Бошқа янгиликлар