2000 йил 12 май – «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуи очилган кун
«Ўша йилларда биз Юнусобод туманининг Оқтепасида яшар эдик. Шаҳарга кетаётганимизда Оқтепадан Алвасти кўприккача чўзилган Қоронкўл тепаликларидан ўтардик. Ҳозирги “Тошкентленд” болалар истироҳат боғига яқин жойлар жарлик бўлиб, 1928-1930 йилларда бу ерда қатллар амалга оширилган.
Кейинчалик қатлгоҳлар одамлар кўзидан панароқ жойларга кўчирилган... Ўшанда Алвасти кўприк орқасида, Қоронкўл тепаликлари тугайдиган ерларда яна бир қатл жойи пайдо бўлди».
Бу – 84 ёшни қаршилаган таниқли адабиётшунос, профессор, Ўзбекистон фан арбоби Собир Мирвалиевнинг хотираларидан.
Бугун пойтахтимизнинг энг кўркам ва гўзал манзилларидан бири – «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуига зиёратга келган ҳар бир инсонни, аввало, бир савол қизиқтиради: нима учун бу ёдгорлик мажмуи айнан шу жойда барпо қилинган?
Чунки қадимий Бўзсув соҳили кўп-кўп тарихий воқеаларга гувоҳ бўлган. Одамлар юрагида мудҳиш из қолдирган қатағон йилларида бу кўримсиз жарлик – Алвасти кўприк деган совуқ ном олган. Инсон қалбига қўрқув соладиган бу қаровсиз жойда халқимизнинг минглаб асл фарзандлари, миллат фидойилари отилган, бекафан, бежаноза, ном-нишонсиз кўмиб ташланган. Улар орасида миллатимиз ифтихори бўлган Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон сингари юзлаб улуғ зотлар бўлган.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида 1999-2000 йилларда бу ерда кенг қамровли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Мазкур ҳудудда отиб ташланган қатағон қурбонлари жасадларининг қолдиқлари қазиб олиниб, миллий қадриятларимизга мос эъзоз-эҳтиром билан қабристонларга дафн қилинди.
2000 йил 12 май куни «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуи очилиш маросимида Биринчи Президентимизнинг «Ана шу азиз аждодларимизнинг арвоҳлари шунча йиллар давомида ҳаловат ва ором топмасдан, мана шундай кунларни кутар эди. Биз уларнинг ушалмаган орзу-армонлари олдида, орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, ҳали-ҳануз дил яраси битмаган, кўз ёшлари тинмаган, ўша айрилиқнинг дарду ғами билан яшаб келаётган қавму қариндошлари, яқинлари, зурриётлари олдида, Яратган олдида бугун ўз инсоний бурчимизни адо этмоқдамиз», деган сўзлари тарихий адолат тиклангани ифодаси эди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бугун мамлакатимизда бу эзгу ишлар кўлами янада кенгаймоқда: улуғ аждодларимиз мангу қўним топган манзилларда кенг қамровли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда, замонавий ёдгорлик мажмуалари барпо этилаётир, миллий адабиётимиз, халқимиз тарихини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга катта аҳамият қаратилмоқда. Зотан, давлатимиз раҳбари 2016 йил октябрда Тошкент шаҳрида «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» мавзуида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида таъкидлаганидек, «Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади».
Хиёбон марказидаги зангори гумбазни айнан саккиз устун кўтариб тургани бежиз эмас. Бу – миллий жипслик рамзи. Сўнг гумбазга қараймиз, ўқиймиз: «Ватан озодлиги йўлида шаҳид кетганлар хотираси мангу барҳаётдир». Бу ҳикмат тарихнинг абадий ҳақиқатидан сабоқ беради – ҳар қайси инсон ҳаёти Ватан озодлиги, халқ фаровонлиги йўлидаги эзгу ишлар билан мазмунлидир.
Ёдгорлик марказида нақшинкор миллий безаклар тортилган ўймакор қабр тоши қўйилган. Бу – Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг эркин, фаровон ва барқарор ҳаётини, бугунги нурафшон кунларни орзу қилиб, жон фидо қилган аждодларимизнинг рамзий қабридир.
“Шаҳидлар хотираси” хиёбонидан зиёратчилар қадами узилмайди. Улар орасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан, дунёнинг турли давлатларидан келган инсонларни учратиш мумкин.
– Ҳар гал Тошкентга келсам, албатта, шу хиёбонни айланаман, – дейди самарқандлик 63 ёшли Абдулла Тўраев. – Мустақиллик туфайли адолат қарор топганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Бугун невараларимни олиб келдим. Биз ёши катталар бугунги авлодларга Ватанимиз озодлиги осонликча қўлга киритилмагани ҳақида бор ҳақиқатни айтиб беришимиз керак.
Хиёбонга сайёҳлар билан тўла автобус келиб тўхтади. Айримларининг эгнида «Ўзбекистон» ёзуви туширилган, тарихий шаҳарларимиз акс этган либослар. Кирон Синҳ Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳрида маркетинг соҳасида ишлар экан. У рафиқаси Ҳема Синҳ билан Ватанимизга илк бора саёҳатга келган.
– Ҳозиргина бизга бу хиёбон Ўзбекистон озодлиги йўлида шаҳид кетган инсонлар хотирасига барпо қилинганини айтишди, – дейди Кирон Синҳ. – Ҳиндистон халқи ҳам мустақилликка осонликча эришмаган, шунинг учун бу хиёбоннинг руҳи менга жуда кучли таъсир қилди. Ҳиндистонда ҳам бундай мажмуа бор, лекин бу ердаги гўзал манзара, ободлик, озодалик ва саришталик ҳавасимизни уйғотди. Улуғ аждодлари хотирасини қадрлаган халқ – буюк халқ. Бундай юксак инсоний фазилатларни ўзида мужассам этган авлодлар, шубҳасиз, улуғ манзилларга етади.
Ҳа, ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида бу масканда эл-юртимиз озодлиги йўлида жон фидо қилган боболаримизни эслаш, уларнинг муборак руҳларини шод этиш эзгу анъанага айланган. 1999 йили “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди тузилган бўлса, Биринчи Президентимизнинг 2001 йил 1 майдаги фармони асосида 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 8 ноябрдаги қарори асосида мажмуа таркибида «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи ташкил этилган. Бугун мингдан ортиқ ноёб экспонатларни ўзида мужассам этган музей халқимиз тарихининг аччиқ ҳақиқатларидан сўзламоқда.
...Музейнинг илк заллари ўша даврга ҳамоҳанг хирароқ. Дастлаб мустабид тузум қатағонларининг даҳшатли рамзи бўлган автомобилга кўзингиз тушади. Халқимиз уни «Қора қарға», деб атаган. Чунки миллат зиёлилари, ҳатто сиёсатдан мутлақо узоқ минг-минглаб оддий деҳқонлар, ҳунарманд-косиблар, ишчи-хизматчилар ҳам шу машиналарда ҳибсга олинган. Улар, одатда, уйига қайтиб келмаган. «Ўлим машина»сининг ғилдираклари қон рангига бўялгани ҳам буни теранроқ ифода этади.
Музейда замонавий сенсорли қурилмаларда тарихий ҳужжатлар, китоблар билан танишиш, фильмлар томоша қилиш мумкин.
Хира заллар бўйлаб юрарканмиз, сиёсий қатағонлар даҳшати кўз ўнгимизда намоён бўлади: Мунаввар қорининг кўзойнаги, Усмон Носирнинг қамоқхонадан ёзган хати, Худойберган Девонов фотоаппаратлари, Чўлпоннинг дутори, «пахта иши», «ўзбеклар иши» каби туҳмат ва бўҳтонларга қорилган ҳужжатли материаллар...
Журналист ва ёзувчи Носир Саиднинг икки суратига қарайман: бирида қош-кўзлари қора навқирон йигит, иккинчисида соч-соқоли оппоқ чол қараб турибди.
– Бу суратнинг дастлабкиси 1939 йилда – у қамоққа олинган пайти олинган, кейингиси қамоқда туширилган, – дейди музейнинг воиз-экскурсоводи Эркин Ражапов. – Орадаги фарқ саккиз йил, бироқ у камида қирқ йилга қариб кетган.
Музейнинг учинчи зали ниҳоятда ёруғлиги эътиборни тортади. Бу бўлим мустақиллик йилларида тарихий адолат тантанаси, қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши, миллий қадриятларимизни тиклаш, асраб-авайлаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлардан сўзлайди. Бу ерда турли соҳаларда мамлакатимизда эришилаётган ютуқларга боқарканмиз, бир ҳақиқат онг-қалбимизда жаранг сочади: инсоннинг эзгу амаллари ҳеч қачон унутилмайди, ўзлигини англаган, тарихини билган халқнинг келажаги ёруғ. Бу барчамизни мустақиллигимизни кўз қорачиғидай асраш, мустаҳкамлаш, эл-юрт равнақи учун янада катта куч-ғайрат билан ишлашга, яшашга ундайди.
“Шаҳидлар хотираси” хиёбонидан қайтарканмиз, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 2000 йил 12 майда «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуи очилиш маросимида айтган сўзлар онг-қалбимизда жаранг сочгандай бўлади: «Жафокаш халқимиз асрлар давомида не-не оғир синовлар, машаққатли кунларни кўрмади. Ўз озодлиги, эркинлиги, тинч ҳаёти йўлида курашиб, беҳисоб қурбонлар берган ота-боболаримиз жасорати тарихий хотирамиздан ҳеч қачон ўчмайди. Мана шундай бебаҳо ва буюк инсоний фазилатларга эга бўлган, барча хайрли ишларга доимо тайёр, қалбида меҳр-оқибат туйғуси ҳеч қачон сўнмайдиган, озодлик йўлида жон берган фарзандларининг табаррук номларини ўз хотирасида ҳамиша сақлаб келадиган, бағрикенг, виждони уйғоқ халқимиз асло кам бўлмайди».
Манба: ЎзА.