Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида "Дилдаги доғ ёҳуд қопқон" деб номланган икки пардали мусиқали драманинг премьераси бўлиб ўтди.
Спектаклда экстремизм, диний ақидапарастлик тузоғига илиниб қолган айрим ёшларнинг аянчли қисмати ҳақида ҳикоя қилинади.
Боши берк кўчага кириб қолган ёшларнинг қисмати, оқу қорани ажратгунича сарсон-саргардонликлари, наинки ўзи, балки ота-онаси, яқинларини эл-юрт олдида иснодга қолдирган кимсаларнинг сўнгги пушаймони томошабинни бефарқ қолдирмайди. Янги саҳна асари ёшларни янада ҳушёр ва сергакликка ундаши билан бирга Ватан, унинг келажаги йўлида, тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлашда барча бирдек масъул эканидан огоҳ этади.
Спектакль режиссёри Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов. Қўчқор Норқобил асари асосида тайёрланган мазкур асарга мусиқани композитор Сарвар Юсупов ёзган. Асосий ролларни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Турғун Бекназаров, Гулчеҳра Носирова, Александр Бекжонов, артистлар Расулхон Қодирхонов, Зулфия Умирова, Обид Аҳмедов, Нафиса Хўжақулова ва бошқалар ижро этмоқда.