"Туркистон" саройида "Ўзбегим ёшлари" ансамблининг концерти бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА.
"Ўзбегим ёшлари" ансамбли бундан ўн икки йил аввал ташкил этилган бадиий жамоа. Ўтган вақт мобайнида ансамбль Испания, Италия, Бельгия, Хитой, Франция, Португалия, Ҳиндистон, Малайзия каби ўндан ортиқ давлатида ўтказилган фестиваллар, санъат байрамлари, ижодий танловларда миллий маданиятимиз ва санъатимизни катта муваффақият билан намойиш этган.
“Ансамблимиз истеъдодли ёшлар ижодини халқимизга таништириш, уларнинг илк парвозига қанот бағишлашда муҳим роль ўйнамоқда, – дейди жамоа бадиий раҳбари ва режиссёри Лутфия Рўзибоева. – Айни вақтда Бельгияда бўлиб ўтадиган ёшлар фестивалига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда”.
Концертда истиқлолимизни, она Ватанимизни, ёшларга кўрсатилаётган чексиз меҳр ва эътиборни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. Жозибали рақслар ижро этилди.