Швецарияда яшовчи Самуэль Волери 240 метр баландлик устига тортилган, узунлиги 1210 метр бўлган нейлон арқон устидан юриб, дунё рекордини ўрнатди, деб хабар берди Tvzvezda.ru нашри.
Мазкур рекордни у Туркияда ўтказилган Levent International Outdoor Sports Festival фестивалида ўрнатди. У АҚШнинг Гранд-Каньон қояларига ўхшаш жойни Туркиянинг Левент водийсидан топди. Бу ерга барча альпинистлар ва бошқа эктремаллар тўпланди.
Ён томондан эсган шамол уни қулатишига бир баҳя қолди, аммо Волери ўзини тутиб олди. Дунё бўйича ҳали ҳеч ким Волери эришган натижага эришмаган ва бунчалик баланд, узун арқон устидан ўтолмаган.
“Мазкур рекордни ўтган йили Марокашда ўрнатишга ҳаракат қилган эдим, аммо ўшанда ноқулай об-ҳаво шароити халақит қилганди. Мен бу йил Левентга бутун бошли жамоам билан ташриф буюрдим, илк уринишдаёқ кўзлаган мақсадимга етдим. Бу эса улкан муваффақиятдир”, деди Волери.
Унинг сўзларига қараганда, бундай узун масофани босиб ўтишда шамолнинг роли каттадир. Кучли шамол эсса спортчи ҳеч қандай натижага эриша олмайди, у шуғулланадиган слэклайн, деб номланувчи экстремал спорт турида ҳамма нарса об-ҳаво шароитига боғлиқ.
Слэклайн – спортнинг экстремал тури бўлиб, баландликка тортилган узун арқон устидан ҳимоя воситаси билан ёки ҳимоя воситасиз ўтишни англатади.