Қибрай туманидаги Дўрмон маданият саройида “Юксак маънавиятли авлод” номли ёшлар фестивалининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими, вилоят ҳокимлиги, вилоят халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, Тошкент давлат аграр университети талабалари иштирок этди.
Ёшларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини нечоғли англаши ҳамда дунёқарашини синовдан ўтказган фестивалнинг вилоят босқичида 300 дан ортиқ иштирокчи “Президент асарлари билимдони”, “Бадиий ижод”, “Энг иқтидорли ҳунарманд”, “Ўз асарида миллийликни акс эттирган рассом”, “Ўз асарида миллийликни акс эттирган дизайнер”, “Ватан куйчиси” каби 8 номинация бўйича турли ёш гуруҳларида баҳслашди.
Ижодий ишлар, расмлар, миллий ҳунармандлигимиз намуналари кўргазмаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Фестиваль ғолибларига тадбир ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.