Республикамиз ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини, қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш, шунингдек, соҳа фаолиятини такомиллаштириш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қабул қилинган ҳужжатларда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
ердан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, картография ва геодезия фаолияти бўйича ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;
ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан тизимли давлат назоратини ҳамда қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши бўйича давлат геодезия назоратини амалга ошириш;
тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
ер тузиш, ердан фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш соҳаларида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, ер ресурсларидан фойдаланиш ҳамда ердан фойдаланиш истиқболини ва схемаларини прогнозлаштириш ва режалаштиришда қатнашиш;
учувчисиз аппаратлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалик ерларини, қишлоқ хўжалик экинлари ва уларни парваришлашни мониторинг қилиш, геодезик маълумотлар ва картографик материаллардан фойдаланган ҳолда сунъий йўлдош навигация тизими ишлашини таъминлаш ва бошқалар.
Қабул қилинган ҳужжатда Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтини Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибидан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси тасарруфига ўтказиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига, унинг ҳудудий бўлинмаларига мавжуд штатларга қўшимча равишда 937 та муҳандис-ер тузувчилар штат бирлиги, шундан 92 фоизи қўмитанинг туман бўлимларига берилмоқда.
Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини самарали ташкил қилиш, соҳага илғор фан-техника ютуқларини жорий этиш, моддий-техника базасини янгилаш, тармоққа халқаро грантларни жалб қилиш чора-тадбирлари дастури тасдиқланган.
Мазкур фармон ва қарорнинг амалга оширилиши:
биринчидан, республикамиз ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ва қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш;
иккинчидан, қишлоқ хўжалиги ерларидан, айниқса, суғориладиган ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш юзасидан қаттиқ назорат ўрнатиш, шунингдек, республика ер фонди ҳисобини юритишни тизимлаштириш;
учинчидан, замонавий юқори технологияли техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа мутахассисларига юкланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш учун қулай шарт-шароитлар яратиш имконини беради.
Фармоннинг тўлиқ матни ва унга шарҳ ЎзАда келтирилган.