АсосийJamiyat

ЭКСПО-2017: “КЕЛАЖАК ЭНЕРГИЯСИ”

'ЭКСПО-2017: “КЕЛАЖАК ЭНЕРГИЯСИ”'ning rasmi

Эртага Қозоғистоннинг Астана шаҳрида “Экспо-2017” Бутунжаҳон кўргазмаси ўз ишини бошлайди.

“Келажак энергияси” мавзусида ўтадиган ушбу йирик савдо анжуманида 115 давлат ва 18 халқаро ташкилотдан вакиллар иштирок этиши, мазкур кўргазмани 2,5 миллиондан 5 миллионгача томошабин томоша қилиши кутилмоқда.

2011 йилнинг 10 июнь куни Париж шаҳрида Халқаро Кўргазмалар бюросининг 152-Бош ассамблеясида Экспо-2017 йилда ўтадиган бутунжаҳон кўргазмасини айнан Қозоғистоннинг Астана шаҳрида ўтказишга клишиб олинди. Таъкидлаш жоизки, мазкур кўргазмани ўтказиш учун Бельгиянинг Льеж, Астралиянинг Ньюкасль ва Сидней, Канаданинг Эдмонтон, Сербиянинг Белгард, Франциянинг Лилль, Норвегиянинг Ставанрег, Испаниянинг Саламанка шаҳарлари даъвогарлик қилишганди.

Ўтмишга бир назар

Келинг, аслида ушбу кўргазманинг моҳияти ва тарихига бирров кўз ташласак. Унинг юзага келиши бевосита 1844 йилда ўтган француз миллий кўргазмасига бориб тақалади. Шундан сўнг 1851 йилда Лондондаги Гайд-паркда шаҳзода Альбер ташаббуси билан биринчи Бутунжаҳон кўргазмаси бўлиб ўтади. Унинг мақсади дунё саноатида эришилаётган ютуқларни оммалаштириш, халқаро савдо-сотиқ муносабатларини ривожлантиришдан иборат эди.

Шундан сўнг дунёнинг турли нуқталарида мунтазам равишда ана шундай халқаро кўргазмаларни ўтказиб бориш анъанага айланди. Бу эса, ўз даврида нафақат ишлаб чиқариш, техника ва технологиялар, қишлоқ хўжалиги, фан ва маданият соҳаларидаги янгиликларни ҳам кенг оммага тақдим этиш имконини берди. Бугунги кунда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган жуда кўп воситалар – чангюткичлар, кир ювиш машиналари, стационар ва уяли телефонлар, янги русумдаги автомобиллар ҳам илк бор турли йилларда ўтказилган бутунжаҳон кўргазмаларида намойиш этилган.

Дунёга машҳур Эйфель минораси ҳам дастлаб 1889 йилда Парижда ўтган кўргазма учун кириш аркаси вазифасини ўтаганди.

Нега айнан Астана?

Халқаро кўргазмалар бюроси навбатдаги кўргазма учун бежиз Қозоғистон пойтахтини танлагани йўқ. Мамлакатда мустақиллик йилларида эришилган улкан ютуқлар, янги пойтахтнинг қисқа вақт ичида дунёнинг энг гўзал шаҳарлари қаторидан ўрин олиши, бу ердаги имконият ва қулайликлар, янги, замонавий иншоотлар Астана учун Экспо-2017 Бутунжаҳон кўргазмасига мезбонлик қилиш имконини берди.

Айтиш жоизки, 10 июндан 10 сентябрга қадар ўтадиган EXPО-2017 ихтисослаштирилган кўргазмаси дунё бўйича жорий йилда кутилаётган 50 та энг муҳим воқеалар қаторидан ўрин олган.

Кўргазманинг асосий мақсади дунё бўйича тикланмайдиган энергия ресурслари йил сайин қисқариб бораётган бир пайтда муқобил энергия манбалари ва улар асосида ишлайдиган техника ва технологияларни кенг жамоатчиликка тақдим этишдан иборат. Кўргазма доирасида экология ва атроф-муҳитга жиддий зарар етказмайдиган, “яшил иқтисодиёт” тамойилига асосланган ғоялар, ўз-ўзини электр қуввати билан таъминловчи бинолар, электромобиллар ва биоёқилғи билан ишлайдиган автомашиналар ва бошқа кўплаб илм-фан ва техника “мўъжизалари” намойиш қилинади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур йирик кўргазмага мамлакатимиз вакиллари ҳам муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича илғор лойиҳалари ва маҳсулотлари билан иштирок этадилар.

“Астанага хуш келибсиз!”

Мазкур йирик анжуман арафасида шаҳарда 2829 ўринли 23 та янги меҳмонхона барпо этилди. Шунингдек, меҳмонлар ва иштирокчилар учун қулайлик яратиш мақсадида катта сиғим ва имкониятларга эга бўлган темир йўл вокзали ва аэропорт терминали фойдаланишга топширилди.

EXPO-2017 кўргазмалар мажмуасининг умумий майдони 174 гектарни ташкил этади. Қозоғистон миллий павильони 5000 квадрат-метр майдонни эгаллаган улкан шар кўринишидаги замонавий мажмуада жойлашган бўлиб, меҳмонлар бу ерда мамлакатда турли соҳаларда эришилаётган ютуқлар ва маҳаллий олимлар ва мутахассиснинг мазкур кўргазмага бағишланган лойиҳалари билан танишишлари мумкин.

Қозоғистон ҳукумати иштирокчиларнинг келиб-кетишини осонлаштириш мақсадида 45 мамлакат фуқаролари учун визасиз режимни жорий этди. Шунингдек, кўргазма давомида шаҳардаги хавсзлик ва осойишталикни таъминлаш учун ҳам барча чоралар сафарбар этилмоқда.

Кўргазма дирасида бир қатор маданий тадбилар дастури ҳам ишлаб чиқилган. Анжуман доирасида Хитой императори Цинь Ши Хуан Дининг сопол армияси экспозицияси, жаҳонга машҳур дю Солей цирки (Канада)нинг махсус томошалари, “Опералия” ҳамда Turkvision” халқаро мусиқий танловлари, "The Spirit of Tengri" замонавий миллий мусиқа фестивали сингари маданий маърифий тадбирлар ўтиши кутилмоқда.

Шунингдек, анжуман иштирокчиларининг Қозоғистондаги тарихий обидалар билан Самарқанд, Бухоро, Хива сингари мамлакатимизнинг қадимий шаҳарларига саёҳат қилиши ҳам кўзда тутилган.

Бошқа янгиликлар