Президент Шавкат Мирзиёев куни кеча Симпозиумлар саройида бўлиб ўтган анжуманда бугун жамиятимизда учраётган оғриқли масалаларни мисоллар билан тилга олди.
Хусусан давлатимиз раҳбари йўлидан адашаётган, турли оқимларга кириб қолаётган ёшлар муаммоси, оилалардаги оғриқли ҳолатларга тўхталар экан шундай деди:
“Баъзи ёшларимиз учун меҳр-оқибат, ахлоқ-одоб тушунчалари бутунлай бегона бўлиб бораётгани, уларда бефарқлик, масъулиятсизлик, меҳнат қилмасдан кун кўришга интилиш каби иллатлар пайдо бўлаётгани – аччиқ бўлса-да, ҳақиқат.
Бунинг тасдиғини кўплаб мисолларда кўриш мумкин.
Айрим ёшларнинг қисқа ёки узоқ вақт чет элга, меҳнат сафарига бориб келиб, ўз эътиқодини хато деб ҳисоблаб, бизга буткул ёт бўлган оқимлар, ғоя ва тушунчаларни олиб келаётгани ҳам – бор гап. Айни ҳақиқат бу. Бундай ҳолатлар барчамизни ташвишга солиши шарт.
Ёки турмуш қурган ёшлар орасида ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиш, оила муқаддас эканини тушуниб етмаслик ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб турибди.
Ёш оилалар орасида арзимас сабаблар билан ажралишлар кўпайиб бормоқда. Бегуноҳ болалар етим бўлиб, меҳр ва эътиборга энг ташна вақтида ота-она тарбиясидан четда қолмоқда.
Яна бир нохуш ҳолатни бугун афсус билан айтмоқчиман: оилаларда носоғлом муносабатлар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, хотин-қизларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари борлиги шахсан мени қаттиқ изтиробга солмоқда.
Сизлар яхши биласизлар, Қуръони каримда “Ўзингизни ноҳақ ўлдирмангиз” деб буюрилади. Муборак ҳадисларда ўз жонига қасд қилганлар ҳеч қачон жаннатга тушмаслиги ҳам баён қилинади.
Шунга қарамасдан, аёлларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари барҳам топмаётган экан, биз аввало бунинг сабабларини бартараф этиш ҳақида ҳар томонлама ўйлашимиз, жумладан, аҳолимиз, аёлларимиз ўртасида динимизнинг бу кўрсатмаларини тушунтиришимиз лозим.”