Россиянинг Киров вилоятидаги Котельнич шаҳрида яшовчи бола бўйнига қадалган шиша парчаси билан бир ҳафта юргани юзасидан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар берди Ria.ru нашри.
Маҳаллий ОАВларда 2008 йилда туғилган бола ойнали эшикка урилиб, шиша унинг бўйнини кесиб кетганлиги туфайли касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берилди. Шифокорлар болага тиббий ёрдам кўрсатиб, унинг бўйнидан шиша парчаларини терган.
Аммо орадан бир ҳафта ўтганига қарамай, боланинг бўйнидаги оғриқ тўхтамаган. Вилоят марказида қайтадан ўтказилган рентгенограмма натижасида жароҳатда яна шиша парчаси қолганлиги аниқланди ва олиб ташланди. Бўлиб ўтган воқеа юзасидан инсон ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермаган ҳолда хизмат кўрсатилгани учун жиноий иш қўзғатилди.