2017 йил 22 июнь куни соат 10:20 да Қозоғистон Республикаси Оқтўба вилоятининг Айтекеби туманидаги Қорабутак посёлкасидан 20 километр масофада Самара – Чимкент автомобиль йўлининг 946-километрида Волгоград (Россия) – Чимкент (Қозоғистон) йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган икки қаватли «Мерседес» русумли йўловчи автобуси (давлат рақами Н 011 LMM) ағдарилиб кетган. Автобусда жами 52 киши – 50 нафар Ўзбекистон фуқароси ва 2 нафар Қозоғистон фуқароси бўлган.
Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 9 киши (барчаси Ўзбекистон фуқароси) ҳалок бўлган, 18 киши жароҳат олган (17 нафари Ўзбекистон фуқароси, уларнинг 5 нафари Оқтўба вилоятининг Айтекеби тумани марказий шифохонасига ётқизилган).
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жабрланганларнинг аҳволи ва ушбу ҳодиса билан боғлиқ бошқа масалалар ҳақида маълумот олиш учун бевосита телефон алоқаси ташкил қилди. Ҳалок бўлганларнинг жасадини Ўзбекистон Республикасига олиб келиш учун Оқтўба шаҳрига махсус самолёт юборилган.
Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради, деб ёзади ЎзА.