Чўмилиш мавсуми бошланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда республикамизнинг барча сув ҳавзаларида содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш бўйича комплекс профилактик чора-тадбирлар ўтказилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири 2017 йилнинг 29 июнь куни Бухоро вилояти Жондор туманининг Зарафшон дарёси бўйида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қутқарув отряди командири маёр Ғ. Сафаев бошчилигида ташкил қилиниб, маҳаллий аҳолига таъқиқланган ҳудудларда чўмильишнинг салбий оқибатлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда эди.
Профилактик тадбир ўтказиш вақтида номаълум шахс Ғ.Сафаевга Зарафшон дарёсининг улар турган жойга яқин ҳудудида номаълум бир қиз ўзини сувга ташлаганлиги ва чўкиб кетганлигини маълум қилди.
Қутқарувчилар воқеа жойига зудлик билан етиб бориб қидирув-қутқарув ишларига киришдилар. Тезкорлик билан суруштирув ишларини олиб бориб гувоҳлардан қизнинг аниқ сувга тушган жойини белгилаб олдилар.
Ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида чўккан қиз топилди ва ҳаёти сақлаб қолинди. Айнан, чўккан инсонни қутқариб қолиш максимал тезкор ҳатти-ҳаракатларни талаб этувчи жараёндир. Бундай вазиятда ҳар қандай сусткашлик ёки ҳаракатсизлик инсон тақдирини ҳал этади. Ушбу вазиятда қизни сув остидан топиб қуруқликка олиб чиққан қутқарувчиларнинг профессионал тайёргарлигини эътироф этиш жойиз.
Қутқарувчилар жабрланувчининг юрак уриши тўхтаганлигини аниқлагач дарҳол биринчи ёрдам кўрсатиш тадбирларини амалга оширдилар. Жабрланувчи нафас олишни бошлагач қутқарувчилар уни йўловчи машинада туман тиббиёт бирлашмасига олиб бордилар. Йўл давомида жабрланувчига бир неча бор ёрдам кўрсатилди. Тиббиёт бирлашмасида малакали ёрдам кўрсатилиб, қиз хушига келтирилди. Қизнинг ота-онаси, яқинлари ва маҳалладошлари қутқарувчиларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.