Тергов органлари тўйдан кейин ўз жонига қасд қилган 18 ёшли Ражабби Хуршиднинг ўлими юзасидан тергов ишларини олиб бормоқда, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.
Жиноят ишини тергов қилиш жараёнида куёв — Зафар Пиров сўроқ қилинди. Нашрнинг хабар қилишича, тожикистонлик Ражабби Хуршид ва Зафар Пировлар тўй куни бир-бирини кўрган. Илк никоҳ кечасида эса қизнинг бокиралиги юзасидан жанжал келиб чиққан. Ражаббининг қариндошлари қиз тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтганлигини ва генетик экспертиза ҳамда соғлиги тўғрисида иккита маълумотнома олганлигини билдирди. Тожикистонда келин-куёвлар тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтиб, ОИВ, гепатит ва бошқа жиддий касалликлар аниқланган тақдирда турмуш қуриш тақиқланмайди. Куёв келиннинг бокиралигига шубҳа қилиб, уни Душанбе шаҳрига қайта тиббий кўрикдан ўтказиш учун олиб борди. Экспертиза қизнинг бокиралигини исботлаб берган бўлса-да, куёв бундан қаноатланмади. Шубҳа ва гумонлар таъсирида ёш оиланинг тинчи бузилди. 22 июнь куни Ражабби ўз жонига қасд қилди. У сирка кислотасини ичди, шифокорлар қизнинг ҳаётини сақлаб қололмади, Ражаббининг буйраклари ишламай қолди.
Ражаббининг онаси Фозила Мирзоева қизининг ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлганлигини, бунга куёви сабабчи бўлганлигини айтди. “Куёвим қизимни Душанбега қайта тиббий кўрикдан ўтказиш учун олиб борганлигини эшитиб, уларнинг ортидан бордим. Қизимни қайтариб олиб кетаман, дедим. Аммо Зафарнинг онаси тушунмовчиликка барҳам берилиб, хавотирга ўрин қолмаганлигини айтиб, мени хотиржам қилишга уринди”, - деди у. Ражабби ўз жонига қасд қилишдан олдин онасига эри унга кўчага чиқишини тақиқлаганини айтган.