Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан пойтахтимиздаги ҳарбий қисмлардан бирида “Диний экстремизм – тараққиёт кушандаси” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда ҳарбий қисм хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари, таниқли маданият ва санъат арбоблари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда терроризм, диний экстремизм сингари иллатлар ҳар қачонгидан-да долзарб аҳамият касб этмоқда. Теварак- атрофда рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар, дунёнинг турли нуқталарида юз бераётган қуролли тўқнашувлар, қўпорувчилик ҳаракатлари ҳар биримизни янада уйғоқ, сергак ва эҳтиёткор бўлишга ундайди. Ана шундай хатарли оқимлар, дин ниқоби остида мислсиз қабоҳатга қўл ураётган манқуртлар орасида бизнинг юртдошларимиз ҳам учраётгани ғоят ачинарлидир.
Азалдан меҳр-оқибат, эзгулик, бағрикенглик дини бўлган исломда бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш, тинчлик ва осойишталикка раҳна солиш, Ватанга хиёнат, ота-онага осийлик энг оғир гуноҳлардан саналади. Ҳадиси шарифларда “наинки қўли, ҳаттто тили билан ҳам ўзгаларга озор етказмайдиган кишилар мусулмонларнинг энг яхшиси экани” марҳамат қилинган. Бироқ, бугун ўз қилмишларини покиза динимиз билан боғлаётган кимсаларнинг ваҳшиёна ҳатти-ҳаракатлари, шафқатсиз усуллари уларнинг асл исломнинг мазмун-моҳияти, мақсад ва ғояларидан қанчалар йироқ эканлигини кўрсатади.
Тадбирда сўзга чиққан эл ардоғидаги санъаткорлар – Ўзбекистон Халқ артисти Муқаддас Холиқова, Ўзбекистон хизмат кўрсатган артистлар Ҳожиакбар Комилов, Шоҳида Исмоилова, хонанда Отабек Муталхўжаев ва бошқалар Ватанга хизмат қилиш, унинг тараққиёти, тинчлиги ва осойишталиги учун ҳар бир инсон масъулият ҳис этиши лозимлигини таъкидладилар.
– Санъат ҳамиша инсонларни меҳр-муҳаббатга, эзгуликка, ҳамжиҳатлика ундайди, – дейди батальон командирининг ўринбосари, майор Салоҳиддин Аҳмедов. – Санъатга, маданиятга ошуфта қалбларда ёвузлик учун жой қолмайди. Бугунги тадбиримизга ҳам асосан элимиз ардоғидаги санъаткорларимизни таклиф этдик. Улар ижросидаги куй-қўшиқлар, саҳна кўринишлари, ибратли суҳбатлар, қизиқарли савол-жавоблар иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.
Тадбир сўнгида режиссёр Равшан Усмонов томонидан саҳналаштирилган, ёшларни турли зарарли оқимлар таъсиридан ҳимоялашга қаратилган “Бурч” спектакли намойиш этилди.












