АсосийJamiyat

​Президент Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш мақсадида фармон имзолади

'​Президент Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш мақсадида фармон имзолади'ning rasmi

5 июль куни «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони имзоланди.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида ёшларни маънавий етук ва жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мазкур соҳадаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янги юксак сифат босқичига кўтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этиш мақсадида Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил топган кун – 30 июнь санаси мамлакатимизда “Ёшлар куни” сифатида нишонланади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқига 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ислоҳотларда ёшлар фаоллигини ошириш билан боғлиқ бир қатор янги ва муҳим вазифалар қўйилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи республикамизда ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилишида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминловчи, “Ёшлар – келажак бунёдкори” шиори остида профессионал фаолиятни амалга оширувчи тузилмага айланади.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи ваколатли идоралар фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ташкил этиш, натижаси бўйича таъсирчан чоралар кўриш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳуқуқий ва амалий ваколатлари кенгайтирилди, тегишли имконият ва имтиёзлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида Ёшлар сиёсати масалалари хизмати ташкил этилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси раҳбарлик қилиши белгиланди.

Ёшлар сиёсати масалалари хизмати Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши фаолиятини самарали ташкил этиш, Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунида белгиланган вазифаларнинг тўлақонли ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг бу борадаги фаолиятини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш, уларга ғоявий-услубий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, соҳага оид қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифаларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўз лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси ҳисобланади.

Фармонда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашига юклатилган вазифаларни амалга оширишда яқиндан кўмаклашиш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи ваколатли идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш, Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни талабларини ҳаётга тўлақонли жорий этиш ва назорат ўрнатиш мақсадида Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши ташкил этилди.

Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари раислигида Ёшлар масалалари бўйича ҳудудий идоралараро кенгашлар фаолият юритади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар кенгашлари раислари тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади ва мақоми бўйича уларнинг биринчи ўринбосарларига тенглаштирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиғи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси тавсияси асосида белгиланган тартибда лавозимга тайинланади.

Фармоннинг тўлиқ матни ва унга шарҳ ЎзАда эълон қилинди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар