АсосийShou-biznes

​ШАҲРИЁР ИЖОДИГА ОДАМЛАРНИНГ ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДАЛИГИНИ БИЛИШ УЧУН ЎТКАЗАДИГАН “КИРА ОПЕРАЦИЯСИ” ҲАҚИДА

'​ШАҲРИЁР ИЖОДИГА ОДАМЛАРНИНГ ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДАЛИГИНИ БИЛИШ УЧУН ЎТКАЗАДИГАН “КИРА ОПЕРАЦИЯСИ” ҲАҚИДА'ning rasmi

Чамаси ўн йиллар аввал у ҳақида жуда кўп гапиришарди. Санъат оламига ўзига хос ижроси ва имижи билан кириб келган Шаҳриёр бир қанча мухлислар орттиришга ҳам улгурган эди. Аммо реп хонандаси кутилмаганда танаффус олди ва яна кутилмаган тарзда саҳнага қайтди. Бироқ у энди аввалгидек эмас! Ўзи ҳам, қўшиқлари ҳам ўзгарган! Сабаби эса... Яхшиси, барчасини суҳбатдошимизнинг ўзидан эшитинг.

– Суҳбатни кўпчиликни қизиқтирган саволдан бошласак, айни кунларда Шаҳриёр нималар билан банд?

– Завқ билан айтоламанки, қизғин ижод палласидаман. Куч-ғайратим, шижоатим тўлиб-тошаяптики, кўпроқ янгиликлар қилишга ошиқаяпман. Бунда менга мухлисларимнинг қўллаб-қувватлаши катта ёрдам бераяпти. «Шаҳриёр ижод қилинг, сиз бизга кераксиз», деган сўзлар янада олға интилишим учун туртки бўлаяпти десам, хато бўлмайди.

– Айтаверинг энди!

– Ўзбек шоу-бизнеси вакиллари билан ҳамкорликдаги ишларимизни тақдим этганимдан сўнг хорижий санъаткорлар билан тайёрланаётган лойиҳаларни таништираман. «Ҳаммаси ёлғон», «Бегонамиз», «Изҳор» сингари сўнгги тароналарим яхши кутиб олинди, ўйлайманки, кейингилари ҳам эътибордан четда қолмайди.

– Реп йўналишида ижодни бошлаб, бугун миллий ва замонавий эстрадага кўпроқ урғу бераётганингиз боиси нима?

– Эндигина санъатга кириб келган пайтларим 15–16 ёшда эдим. Ўсмирларга хос бўлган қизиққонлигим сабабми ёки реп йўналишига шу қадар меҳрим бўлак эдими, хуллас, айни шу санъат турини маҳкам тутгандим. Соддароқ айтганда, реп йўналишига бошим билан шўнғидим. Вақт ўтиб, секин-аста ўзимни англай бошладим ва бошқа йўналишларда ҳам ўзимни синаб кўриш истаги пайдо бўлди. Сўнгги ҳавола этилган қўшиқларимни тингласангиз, миллий оҳанглар иштирокидаги реп усулини ҳам кўрасиз.

– Хўш, ижронгиз ўзингизга манзур бўлаяптими?

– Албатта! Манзур келмаса, куйлармидим (кулади). Қолаверса, ёши катта инсонлардан ҳам «Шаҳриёр, барака топ!» деган мазмунда мақтовлар эшитаяпман.

– Кўп йиллардан буён сизга мухлислик қилаётганлар-чи, улар қандай қабул қилишаяпти қўшиқларингизни?

– Ростини айтсам, бугун куйлаётган тароналарим барчага бирдек манзур келаяпти деёлмайман. Ижтимоий сайтларда «Нега аввалгидек қўшиқларингиз йўқ?», «Репни унутиб қўйибсиз» деган фикрлар ҳам бўлаяпти. Ваҳоланки, бирданига катта ўзгариш қилганим йўқ, аста-секин услубимни янгилаб бораяпман, холос. Ижодимга нисбатан билдирилаётган фикр-мулоҳазалар мен учун ниҳоятда муҳим. Реп бу менинг ҳаётим, айни шу йўналишда танилдим, Шаҳриёр бўлдим!

– Сизни яна бир реп ижрочиси – Шоҳрух билан таққослашар эди.

– Ҳа!

– Буни қарангки, сиз ижоддан четлашган пайтда Шоҳрух ҳам танаффус олди. Тасодифни қарангки, иккингизнинг саҳнага қайтишингиз ҳам деярли бир вақтга тўғри келди?..

– (кулади) Чинданам қизиқ ҳолат. Шоҳрухнинг саҳнага қайтганидан хурсандман! Ўз мухлисларига эга санъаткор. Аммо деярли бир вақтда ижодий танаффус олиб, яна худди шундай саҳнага қайтишимиз, менимча, тасодиф бўлса керак.

– Санъатдан ташқари салом-алик борми ўртангизда?

– Тадбирларда учрашиб қолсак, албатта, сўрашамиз, ҳол-аҳволимизга қизиқамиз, аммо шугина холос. Санъатдан ташқари дўстона борди-келдимиз йўқ.

– Бундан чиқди, бир-бирингизга рақобатчи сифатида қарар экансиз-да барибир?

– Йўқ! Шоҳрух менга рақобатчи бўлмаган ва бўлмайди ҳам! Мен ўз-ўзим билан рақобатдошман.

– Борди-ю айнан иккингизни бирор-бир лойиҳага таклиф этишса, масалан, биргаликда дуэт куйлаш, рози бўласизми?

– Буни вақт кўрсатади. Ҳозир бир нима дейишим қийин.

– Имижингиз ўзгарибди, бу ўзингизнинг қарорингизми ё бирор кимнинг танбеҳи?

– (кулади) Униси ҳам, буниси ҳам. Санъатга кириб келган пайтларим ташқи кўринишим билан кўп тажриба қилар эдим. Бир хилликни ёқтирмайман-да. Бугун замонавий классика услубига мурожаат қилаяпман. Қолаверса, яқин дўстим, продюссерим, маслаҳатчим Қобилжоннинг ҳиссаси катта бунда. «Дўстим, кийинишингни бундай қилсак-чи, мана бу соч турмаги ҳам чакки эмас», деб гапиравериб, охири кўндирди. Аввалбошдан кенг шимларим тоғаларим томонидан ҳам танқидга учраган (кулади). Мана, ҳаммасининг ўз вақти-соати бор экан, бугун тамоман бошқа Шаҳриёрман! Ким билади, эҳтимол яна соч турмагимни ўзгартиргим келар...

– Бу ҳали ҳаммаси эмас, демоқчимисиз?

– (ҳиргойи қилиб) «Бу ҳали, ҳали ҳаммаси эмас» деган қўшиқ ёдимга тушди. Айтдим-ку, бир хилликни ёқтирмайман деб. Санъаткор замон билан ҳамнафас бўлиши керак, ўзгаришлардан чўчимаслиги, янгиликларга чанқоқ бўлиши лозим.

– Юқорида миллий мусиқа йўналиши ҳақида гапирдингиз. Шаҳриёр бу услубни қай даражада тушунади?

– Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев ижодига ҳурматим баланд! Қўшиқларини эшитсам, сел бўлаёзаман. Айни кунларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархоннинг «Тортадур» номли мусиқий тўпламини тинглаяпман. Биласизми, бу икки санъаткор ижросидаги тароналарни эшитиб, ўзим учун катта маънавий озуқа олаяпман.

– «Ташландиқ» фильмидан кейин кинода кўринмадингиз ё танбеҳлар бўлганмиди?

– Йўқ, «Ташландиқ»даги ролимга нисбатан бирорта ҳам танбеҳ эшитмаганман, чин сўзим. Эҳтимол кинотанқидчиларнинг бирор эътирози бордир, аммо оддий томошабин образимни яхши қабул қилган. Буни ишонч билан айтаётганим, ҳар замон бошимга кепка кийиб, кўзойнак тақиб таксига чиқаман ёки дўстим Қобилжон билан онда-сонда ўтказадиган «кира операция»миз бор. Одамларнинг мен ҳақимдаги фикрларини билиш учун-да булар. Ҳали бирор марта ҳам «Ташландиқ» ҳақида ножўя гап бўлмади. Киноларда суратга тушишга келсак, сўнгги ўн йил давомида яратилган фильмларда сеҳр йўқ! Бу билан кимнидир танқид қилмоқчи эмасман, бунга ҳаққим ҳам йўқ, аммо шахсий фикрим шундай. Томошабинни қаттиқ таъсирлантира оладиган фильмлар қўл билан саноқли. Аксарияти енгил-елпи, савиясиз картиналар. «Ташландиқ» фильмининг ҳам камчиликлари бордир эҳтимол, лекин мавзу долзарб эди.

– Суҳбатимизни ўқиётган муштарийлар орасида Шаҳриёрнинг мусиқий билими қандай, дея қизиққанлар бор?..

– Вокал билан шуғулланаман, аммо мусиқий билимим йўқ. Яъни мусиқа коллежи ёки консерваторияда ўқимаганман. Эстрада актёри факультетида икки йил ўқидим, амалиётим Оперетта театрида ўтган. Кўпчилик айтади: «Мусиқий билиминг бўлиши керак-ку» деб, аммо мусиқа аниқ фан эмас. Тўрт-беш йил таҳсил олиб, «Ўрганиб бўлдим» дейиш нотўғри, мен умримнинг охиригача санъат ичида яшашни, уни ўрганишни истайман. Бу мен учун худдики дунёда бир дона бўлган ноёб китобни мутолаа қилишдек гап. Тезгина ўқиб тугатишни хоҳламайман.

– Оила қургансиз?..

– Келинг, оилавий мавзуда суҳбатлашмайлик. Бу менинг шахсий ҳудудим, унга дахл қилишларини истайман. Мени тўғри тушундингиз, деб ўйлайман.

– Бир пайтлар ўзини кўрсатишни ёқтирадиган, қизиққон Шаҳриёр бугун анчайин ўзгарибди!

– Ташаккур! Ҳаёт кутилмаган вазиятлар, зарбалар, чигалликлар ва албатта, яхши кунлардан иборат бўларкан. Ҳар биридан ўзингиз учун хулоса чиқараркансиз. Қайсидир вазиятларда иродам чархланди, қайсиларидадир завқланиб яшаш кераклигини тушундим, хуллас, ҳаёт мени тарбиялади. Олдинда эса бизни келажак кутмоқда. У ёруғ бўлиши учун ҳар замон ортимга назар солиб туришни канда қилмайман.

– Ижодий танаффус ҳамкасбларнинг рўйи-рост қиёфасини фош этади, айниқса, санъаткорларда бу яққол сезилиши мумкин...

– Мен нолишни ёқтирмайман, эркакка хос иш эмас бу! Кимни қандай муносабатда бўлишига оддийроқ қараш керак, чуқурлашсангиз, шунга яраша саволлар ҳам кўпаяверади. «Қийин пайтимда дўстларим ташлаб кетди» дегувчилар, эҳтимол, мендан ҳам бирор хатолик ўтгандир, қарс икки қўлдан чиқади ахир, деб ўйлаб кўришлари керак. Ҳаётимни бағишлаган инсонларим мендан воз кечса, синишим мумкин, қолгани бекор. Яна, муҳими, мухлисларимнинг назаридан қолмасам кифоя! Саҳнага қайтганимдан сўнг ножўя гап-сўзлар ёки кимнингдир ноўрин муносабатини кўрмадим. Аввал ҳамкасбларим билан қандай муомалада бўлсам, ҳозир ҳам шундай.

– Жавобингиздан келиб чиққан ҳолда, чин мухлисларингизнинг назаридан қолмаслигингизни тилаб қоламиз!

– Раҳмат!

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар