Тиша Бошеминнинг катта ва аҳил оиланинг бекаси эди. Севимли турмуш ўртоқ, шириндан-шакар беш фарзанд – бахт учун яна не керак?
Аёл ўзининг ҳаёти тубдан ўзгариб кетиши етти ухлаб тушига кирмаганди. Яқиндан билмаган қўшнига аёлга ёрдам қўлини чўзишга рози бўлган Тиша тез орада бутун дунёга машҳур бўлиб кетишини ким билибди дейсиз! Авваллари Тиша қўшниси Одри билан салом-аликдан нарига ўтмасди. Ахир, ҳар кимнинг ўзига яраша ташвиши бор.
Кунлардан бир куни Одри зудлик билан шифохонага ётишига тўғри келиб қолди ва у қўшниси Тишадан ёрдам сўради. Кўп фарзандли Тиша қўшнисининг уч фарзандига қараб туришга рози бўлди. Аммо эртаси куни эрталаб уч фарзанднинг онаси қадди дол бўлиб уйига қайтди – дўхтирлар Одрида саратон касаллиги борлигини аниқлашибди!
Ўшандан кейин Одри билан Тиша ораларидан қил ўтмас дугонага айландилар. Одри шунга амин бўлдики, Тиша – кварталдаги ёмон кунда йўлдош бўла оладиган ягона аёл экан. Тиша Бошига кулфат тушган Одрини ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Бахтга қарши Одрининг саноқли кунлари қолганлиги маълум бўлди. Одри тез орада бандаликни бажо келтиришини ич-ичидан сезарди. Сирасини айтганда, аёлни ўлим эмас, болаларининг тақдири ташвишга соларди. Шунинг учун ҳам Одри сўнгги тилагини айтаркан, Тишадан ўзининг болаларини қарамоғига олишни сўради. Эр-хотин Бошеминлар жужуқчаларга меҳр ва парвариш кераклигини англаб, сира ўйлаб ўтирмай, Одрининг учала фарзандини асраб олишди. Шундоғам етти кишидан иборат оилада энди одам сони ўнта бўлди. Лекин уй тор бўлгани билан кўнгил кенг бўлса, барчаси чикора. Онадан етим қолганларни Тишининг оиласи мулойимлик билан қарши олди. Оналарининг доғида куяётган болакайларнинг кўзида меҳр-муҳаббат туфайли яна қувонч учқунлари кўрина бошлади.
Шундай кунларнинг бирида оилага сюрприз қилмоқчи бўлган телеканалдан вакиллар келишди. Аввалига Бошеминлар бир неча кунга меҳмонхонага кўчиб ўтишларига тўғри келди. Уйга қайтгач, улар кўзларига ишонишмади. Тўкилиб тушай деб турган уйнинг ўрнида янги таъмирдан чиққан, барча шарт-шароитга эга кошона қўр тўкиб турарди.