Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 2017 йил 12 июль куни парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида аввалроқ хабар бергандик.
Йиғилишда сўзлаган нутқида Президент эришилган ютуқларни қайд этган ҳолда, ҳокимият вакиллик органлари, сиёсий партиялар ва Экологик ҳаракатнинг ўтган даврдаги фаолиятини танқидий руҳда таҳлил қилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари Партия газеталари ҳақида ҳам тўхталиб, уларнинг аксарияти талаб даражасида эмаслигини қайд этди ҳамда хусусий нашрлар фаолиятига ўз баҳосини берди.
“Мавжуд тўртта партия газеталарининг савияси, “Ўзбекистон овози” газетасини истисно қилганда, талабга жавоб бермайди. Партия газеталарининг умумий сони бугунги кунда 60 мингга ҳам етмаслиги ҳаётдаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар бу нашрларда ўз ифодасини топмаётганидан далолат беради. Хусусий нашрлардан мисол келтирайлик. Масалан, биз одатда “кўнгилочар нашрлар” деб биладиган “Даракчи”, “Тасвир”, “Сўғдиёна” каби газеталар нафақат енгил-елпи гапларни, шу билан бирга, муҳим ҳаётий масалаларни, айтайлик, коммунал хизмат, бозорлардаги нарх-наво, тиббиёт, транспорт масаласи, тадбиркорлик билан боғлиқ муаммоларни ҳам атрофлича ёритаётгани учун тиражи ошиб бормоқда. Нима учун партия нашрлари бу масалаларда улар билан рақобат қила олмаяпти?”